Спорт | 19:11 / 16.11.2020
9175
2 дақиқада ўқилади

Шерзод Тошматов Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти бўлди

16 ноябрь, душанба куни Миллий олимпия қўмитасида Бош ассамблея йиғилиши ўтказилди. Унда Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Рихсибоевич Тошматов қўмита вице-президенти лавозимига сайланди.

Шерзод Тошматов 2014–2019 йилларда Ўзбекистон бокс федерацияси биринчи вице-президенти сифатидаги фаолияти билан спорт жамоатчилиги эътиборига тушган. 2016 йилги Рио олимпиадасида ўзбек боксчилари 7 та медални қўлга киритган эди.

Функционер айни пайтда Ўзбекистон ММА ассоциацияси раиси ўринбосари сифатида ҳам фаолият юритади. Шунингдек, у 2010 йилдан буён Осиё ҳаваскор муайтай федерацияси вице-президенти ҳисобланади.

Шерзод Тoшматов 1979 йил 5 июнь куни Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек. Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетини тамомлаган.

2009–2010 йилларда дастлаб Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал муайтай ассоциацияси раиси ўринбосари, 2010–2014 йилларда Ўзбекистон ҳаваскор ва профессионал муайтай ассоциация раиси лавозимида ишлаган. Ушбу ташкилотдаги фаолияти билан биргаликда Ш.Тошматов 2010 йилдан эътиборан Осиё ҳаваскор муайтай федерацияси вице-президенти ҳамда Халқаро ҳаваскор муайтай федерацияси ижроия қўмитаси аъзоси лавозимларида ҳам фаолият юритган.

У, юқорида таъкидланганидек, 2014–2019 йилларда Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борган. Унинг раҳбарлигида ўзбекистонлик боксчилар Рио олимпиадасида 3 олтин, 2 кумуш, 2 бронза медал билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган. Бундан ташқари, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 2018 йил Индонезияда бўлиб ўтган Осие ўйинларида 5 олтин ва 2 та кумуш медал билан умумжамоа ҳисобида пешқадамликни қўлга киритганди.

Шерзод Тошматов 2019 йилда Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси президенти этиб сайланди. Унинг бошчилигида Ўзбекистон жаҳон таэквондоси тарихидаги энг йирик флешмобга мезбонлик қилди.

Маълумот учун, 2019 йил 15 майдан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига Рустам Шоабдураҳмонов президентлик қилиб келмоқда.

Мавзуга оид