Ўзбекистон | 17:55 / 18.11.2020
36146
6 дақиқада ўқилади

Мақсуд Йўлдошев «Обқочишга мажбурмиз» деган сўзларига изоҳ берди

Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуд Йўлдошев Қонунчилик палатаси мажлисида рўй берган ҳолат юзасидан Kun.uz мухбири билан суҳбатда депутатларга берган ҳисоботида ёлғон йўқлиги, барча сўзларини асослаб бера олишини айтди, аммо ўша вақтда телефонда таниши билан нима мавзуда гаплашганини ва «Обқочишга мажбурмиз энди, нима қиламиз?», деганда нимани назарда тутганини айта олмади.

Kun.uz мухбири Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуд Йўлдошев билан Қонунчилик палатаси мажлисида рўй берган ҳолат юзасидан суҳбатлашди.

– Парламент мажлисидаги ҳолат қандай содир бўлди?

– Бугун соат 10дан бошлаб бир вақтнинг ўзида иккита видеоконференцияда қатнашишимга тўғри келиб қолди. Шогирдимиз илмий ишини ҳимоя қилаётганди. Бизда илмий кенгаш бор докторлик ишлари бўйича. Битта компьютерда илмий кенгашнинг йиғилишига уланган бўлсам, иккинчисида парламент мажлисини кузатиб бордим.

Йиғилишларда хонадан ўтириб қатнашгандан кейин параллел равишда бошқа ишларниям бажариб кетаверасиз-да. Қонунчилик палатаси мажлисида депутатнинг саволига жавоб бергандан сўнг камерани ўчирибман-да, микрофонни ўчириш ёдимдан чиқибди.

Шу пайт танишимдан қўнғироқ бўлиб қолди. Микрофон ёниқ бўлгани учун тўғридан тўғри эфирда ушбу мулоқотимизнинг бир қисми эшитилган. Телефондаги сўзлашув шахсий мулоқот бўлиб, бунинг депутатлар саволига берган жавобларимга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Депутатларга берган ҳар бир жавобим асосли, бу тизимда бўлаётган нарса. Масалан, октябрь–ноябрь ойларида 1700та битим имзоланди деганларим, давлат хусусий шерикчиликка йўналтирилган маблағлар, булар ҳаммаси амалиётда бўлиб келаётган нарсалар. Телефондаги суҳбат пайтида айтилган гапимизга буларнинг умуман алоқаси йўқ. Агар кимдадир бунга шубҳа бўладиган бўлса, депутатларга берган жавобимда айтган маълумотларимнинг барчасини асослаб, исботлаб бероламан.

– Демак, «Обқочишга мажбурмиз энди, нима қиламиз?», деган сўзларингиз Олий Мажлисдаги чиқишингизга алоқадор эмас, шундайми?

– Ҳа, бу сўзларнинг депутатларга берилган ҳисоботга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Масалан, мен ўша ерда молиялаштирилмаган битимларга қаердан ресурс келиши тўғрисидаям гапирдим. Жумладан, Саудия ривожлантириш фонди 11 млн доллар ажратмоқда. Бу бор нарса. Битимлар аллақачон келишилган. Молия вазирининг ўринбосари ҳукуматдан масъул қилиб белгиланган. Битим Саудия фонди томонидан имзолангандан кейин йил якунигача 11 млн доллар келади. Бу факт. Шу сабабли телефондаги суҳбатда айтилган жумлаларни биз берган ҳисоботга боғлаш мутлақо нотўғри бўлади.

Худди шунингдек, Молия, Инвестиция ва Ташқи савдо вазирликлари билан ҳамкорликлар Кувайт фондидан ёки Ислом тараққиёт банки билан амалга оширилмоқда. Айнан давлат хусусий шерикчиликка улар инвестиция ажратишга розилик билдирган. Лекин бу борада маълум бир процедура бор. Бу маблағ бизга келгунча ҳукуматлар ўртасида имзоланадиган ҳужжатлар бор. Бу жараёнлар охирига етиши билан пул келади. Шунинг учун мен айтдимки, шу маблағлар етиб келгандан кейин қолган тадбиркорларга босқичма-босқич берилади.

«Ассалому алайкум, Хуршид ака» деб гап бошлагансиз. Хуршид ака кимлигини очиқлай оласизми?

– Хуршид ака деб мурожаат қилган одамим дўстим, ўзим тенги ўртоғим. Ўртамизда телефон орқали кечган мулоқот ўта шахсий масала бўлгани учун нима масалани гаплашганимизни очиқлай олмайман.

«Обқочишга мажбурмиз энди, нима қиламиз?», деганда нимани назарда тутгансиз? Ҳеч бўлмаса шуни билсак бўладими?

– Бу ерда гап умуман бошқа воқеа ҳақида. Буни парламент мажлисидаги чиқишимга боғлашнинг кераги йўқ. Буни очиқлашнинг имкони йўқ, чунки бу шахсий муносабат доирасидаги мулоқот. Шу сабабли мен илтимос қилган бўлардим, агарда кимда депутатларнинг саволларига берилган жавобларга шубҳа бўладиган бўлса, хоҳлаган пайтда берган жавобларим юзасидан мурожаат қилишлари мумкин, биз ёзма тарзда ҳам ёки кўришиб ҳам ҳар бир айтилган маълумот амалиётда бўлаётганини, ҳақиқатда соҳада йўлга қўйилаётганини кўрсатиб бера оламиз.

Мана, республика бўйича 10 мингдан ортиқ оилавий боғчалар очилган. Исталган туманга бориб, ушбу рақамлар ҳақиқатга қанчалик мослигини кўрсатиб беришимиз мумкин. 1100дан ортиқ тадбиркорлар имтиёзли кредитларни олиб фаолиятини бошлаган, биз жойма-жой ҳамма оилавий боғчаларга олиб бориб, амалда қилинган ишларни кўрсатиб бера оламиз. Яъни депутатларга берилган жавобимда ҳеч қандай ёлғон ишлатилгани, гап олиб қочилгани йўқ.

  • Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 ноябрь куни ўтказилган навбатдаги мажлисида давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг 9 ойдаги ижроси кўриб чиқилди. Йиғилишда, жумладан, Ўзбекистон мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуд Йўлдошев давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги саволларга жавоб қайтарган. Шундан сўнг депутат Дониёр Ғаниев савол бераётган пайтда вазир ўринбосари микрофонни ўчиришни унутган. Мажлис Youtube орқали жонли эфирга узатилаётган бўлган.
  • Мақсуд Йўлдошев ўша пайтда қўнғироқ қилган Хуршид исмли шахсга жавоб берар экан, «Обқочишга мажбурмиз энди, нима қиламиз?», деган сўзлари тўғридан тўғри эфирга кетган. Йўлдошев бунда депутатларнинг саволларига берган ўз жавобларини назарда тутгани тахмин қилинди. 
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев вазир ўринбосарининг бу хатти-ҳаракатига шундай муносабат билдирган. «Мактабгача таълим вазири ўринбосари ўзи билмаган ҳолда иш тизими бўйича бор ҳақиқатни очиб қўйди: тизим олиб қочишга мослашган. Бугун депутатларни алдаб олиб қочинг, эртага Президентни алдаб олиб қочинг, кейин халқни алдаб олиб қочинг», деган у.
  • Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева ҳам ҳолат юзасидан изоҳ бериб, вазир ўринбосарининг телефон орқали сўзлашуви мазмуни депутатларга берилган жавобга алоқаси йўқлигини таъкидлаган, оммавий ахборот воситалари вакилларидан турли эҳтимолларга асосланган фикрларни илгари сурмасликлари ва вазиятга тўғри баҳо беришларини сўраган эди.

Мавзуга оид