Kun.uz мухбири Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуд Йўлдошев билан Қонунчилик палатаси мажлисида рўй берган ҳолат юзасидан суҳбатлашди.

– Парламент мажлисидаги ҳолат қандай содир бўлди?

– Бугун соат 10дан бошлаб бир вақтнинг ўзида иккита видеоконференцияда қатнашишимга тўғри келиб қолди. Шогирдимиз илмий ишини ҳимоя қилаётганди. Бизда илмий кенгаш бор докторлик ишлари бўйича. Битта компьютерда илмий кенгашнинг йиғилишига уланган бўлсам, иккинчисида парламент мажлисини кузатиб бордим.

Йиғилишларда хонадан ўтириб қатнашгандан кейин параллел равишда бошқа ишларниям бажариб кетаверасиз-да. Қонунчилик палатаси мажлисида депутатнинг саволига жавоб бергандан сўнг камерани ўчирибман-да, микрофонни ўчириш ёдимдан чиқибди.

Шу пайт танишимдан қўнғироқ бўлиб қолди. Микрофон ёниқ бўлгани учун тўғридан тўғри эфирда ушбу мулоқотимизнинг бир қисми эшитилган. Телефондаги сўзлашув шахсий мулоқот бўлиб, бунинг депутатлар саволига берган жавобларимга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Депутатларга берган ҳар бир жавобим асосли, бу тизимда бўлаётган нарса. Масалан, октябрь–ноябрь ойларида 1700та битим имзоланди деганларим, давлат хусусий шерикчиликка йўналтирилган маблағлар, булар ҳаммаси амалиётда бўлиб келаётган нарсалар. Телефондаги суҳбат пайтида айтилган гапимизга буларнинг умуман алоқаси йўқ. Агар кимдадир бунга шубҳа бўладиган бўлса, депутатларга берган жавобимда айтган маълумотларимнинг барчасини асослаб, исботлаб бероламан.

– Демак, «Обқочишга мажбурмиз энди, нима қиламиз?», деган сўзларингиз Олий Мажлисдаги чиқишингизга алоқадор эмас, шундайми?

– Ҳа, бу сўзларнинг депутатларга берилган ҳисоботга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Масалан, мен ўша ерда молиялаштирилмаган битимларга қаердан ресурс келиши тўғрисидаям гапирдим. Жумладан, Саудия ривожлантириш фонди 11 млн доллар ажратмоқда. Бу бор нарса. Битимлар аллақачон келишилган. Молия вазирининг ўринбосари ҳукуматдан масъул қилиб белгиланган. Битим Саудия фонди томонидан имзолангандан кейин йил якунигача 11 млн доллар келади. Бу факт. Шу сабабли телефондаги суҳбатда айтилган жумлаларни биз берган ҳисоботга боғлаш мутлақо нотўғри бўлади.

Худди шунингдек, Молия, Инвестиция ва Ташқи савдо вазирликлари билан ҳамкорликлар Кувайт фондидан ёки Ислом тараққиёт банки билан амалга оширилмоқда. Айнан давлат хусусий шерикчиликка улар инвестиция ажратишга розилик билдирган. Лекин бу борада маълум бир процедура бор. Бу маблағ бизга келгунча ҳукуматлар ўртасида имзоланадиган ҳужжатлар бор. Бу жараёнлар охирига етиши билан пул келади. Шунинг учун мен айтдимки, шу маблағлар етиб келгандан кейин қолган тадбиркорларга босқичма-босқич берилади.