21:12 / 02.12.2020
6070

Озарбойжонда Қорабоғ учун жанглардаги Ғалаба куни таъсис этилди

Озарбойжон Тоғли Қорабоғ ихтилофидаги ғалаба кунини нишонлайдиган бўлди. Эндиликда республикада Қорабоғдаги жанговар ҳаракатлар якунланган кун Ғалаба куни, улар бошланган кун эса Ҳалок бўлганлар хотираси куни сифатида нишонланади.

Фото: EPA

Ғалаба кунининг таъсис этилиши ҳақидаги фармонни Озарбойжон президенти Илҳом Алиев 2 декабрда имзолади. Эндиликда ушбу кун ҳар йил Тоғли Қорабоғдаги жанглар якунланган кун – 10 ноябрда нишонланади

“Озарбойжон Республикасида ҳар йил 10 ноябр Ғалаба куни сифатида тантанали нишонлансин”, деб буюрилган фармонда.

Ҳужжатда таъкидланишича, Қорабоғда 44 кун давом этган жанглар давомида Озарбойжон армияси назоратига 300дан кўпроқ аҳоли пункти ва бир қатор стратегик тепаликлар ўтган. Жумладан, Озарбойжоннинг ҳарбий ғалабалари Арманистонни Келбажар, Ағдам ва Лочин туманларини қайтариб беришга мажбур қилган.

Шу билан бирга, Тоғли Қорабоғда жанговар ҳаракатлар бошланган кун, яъни 27 сентябр Қорабоғ урушида ҳалок бўлганлар хотираси куни сифатида нишонланади. 

Top