Ўзбекистон | 11:02 / 14.12.2020
6839
2 дақиқада ўқилади

«Бекободцемент»нинг 51 фоиз акцияси завод акциядорига қайтарилди

Ўзбекистон иштирокида 2013 йилдан буён давом этаётган халқаро арбитраж иши ўзаро келишув билан тугатилди. Бу ҳақда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2013 йилда Қозоғистоннинг ўн икки фуқароси давлат органларининг «Бекободцемент» ва «Қувасойцемент»га нисбатан қилган ҳаракатлари муносабати билан ICSID (Инвестиция баҳсларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказ)га арбитраж даъвосини киритган, даъвогарлар ўша пайтда мазкур жамиятларнинг аксарият улуши эгалари бўлган.

Даъвогарлар давлат органларининг ҳаракатлари 1997 йил 2 июндаги Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасидаги «Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида»ги битимни бузганлигини таъкидлаган. Ўзбекистон томони даъвогарларнинг барча айбловларини рад этиб, инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимнинг бузилиши ҳолатлари мавжуд эмаслигини таъкидлади ва низони тинч йўл билан ҳал қилишга тарафдорлигини билдирган.

Олиб борилган музокаралар натижасида томонлар ўзаро манфаатли шартлар асосида ICSID арбитражини тугатиш бўйича келишувга эришди. Ушбу келишув доирасида Ўзбекистон томони «Бекободцемент»нинг 51 фоиз акцияларини мазкур жамиятнинг акциядорига қайтарди.

2020 йилнинг октябрига келиб томонлар келишув битимида назарда тутилган барча шартларни бажарди. Шундан сўнг, 2020 йилнинг 9 декабрида ICSID трибунали арбитраж муҳокамасини қайта мурожаат қилиш ҳуқуқисиз тугатиш ҳақида қарор қабул қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид