Жаҳон | 09:28 / 11.10.2025
7849
2 дақиқада ўқилади

АҚШдаги заводда портлаш: ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар бор

Теннесси штатидаги заводда содир бўлган кучли портлаш оқибатида «бир неча киши» ҳалок бўлди ва камида 18 киши бедарак йўқолди, дея хабар беради маҳаллий ҳукумат. Завод портловчи моддалар ишлаб чиқарган.

Фото: AP

Теннесси штатидаги Accurate Energetic Systems (AES) заводида 10 октябр, жума куни кучли портлаш содир бўлди. Маҳаллий маъмуриятнинг хабар беришича, камида тўрт киши касалхонага ётқизилган, яна 18 киши бедарак йўқолган.

Хамфри округи шерифи Крис Девис матбуот анжуманида «бир неча киши» ҳалок бўлганини қўшимча қилди, аммо қурбонлар сонига аниқлик киритмади. Fox News манбаларга таяниб, «кўплаб» ҳалок бўлганлар ҳақида хабар берди.

AES заводи Нэшвиллдан тахминан 80 км узоқликда жойлашган. Портлаш содир бўлган жойга фавқулодда хизматлар ва бомба йўқ қилиш бўйича мутахассислар етиб келди, яна портлашлар содир бўлиш хавфи сақланиб қолмоқда, дея қўшимча қилди шериф. «Биз бу ерда бир неча кун бўлишимиз мумкин», деди у.

Портлаш сабаблари ҳозирча номаълум.

Accurate Energetic Systems 1980 йилда ташкил этилган. Компания веб-сайтида у мудофаа саноатида ҳам, тижорат мақсадларида ҳам қўлланадиган портловчи моддаларни ишлаб чиқаришга ихтисослашгани айтилади. The Washington Post газетаси очиқ маълумотларга таяниб аниқлик киритишича, компания АҚШ ҳарбийларига ҳар хил турдаги ўқ-дорилар, динамит, пиёдаларга қарши миналар ва йирик калибрли снарядлар учун порох сотган.

Бу Accurate Energetic Systems'даги биринчи портлаш эмас. Аввалгиси 2014 йилда содир бўлиб, бир киши ҳалок бўлган ва уч киши жароҳатланган эди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид