Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Боку ва Теҳрон АҚШнинг Туркияга қарши санкциялар киритганлигини қоралади
Озарбойжон Туркиянинг муаммони мулоқот ва дипломатик воситалар йўли билан ҳал этиш тўғрисидаги таклифи АҚШ томонидан қабул қилинмаганлигидан таассуф билдирган.
Озарбойжон ташқи ишлар вазирлиги Туркия Россиянинг С-400 мажмуаларини сотиб олганлиги учун АҚШ томонидан санкциялар киритилганлигини қоралади.
"С-400 ракетага қарши мудофаа тизимини сотиб олгани учун Туркияга нисбатан бир томонлама санкциялар жорий этиш тўғрисидаги АҚШнинг қарорини қоралаймиз ва буни икки ёқлама стандартларнинг кўриниши деб баҳолаймиз", - дейилади Озарбойжон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Баёнотда Туркиянинг муаммони мулоқот ва дипломатик воситалар йўли билан ҳал этиш тўғрисидаги таклифи АҚШ томонидан қабул қилинмаганлигидан таассуф билдирилган.
"Озарбойжон ҳар доимгидек Туркиянинг ёнида ҳамда унинг халқаро ҳуқуқ ва адолатга асосланган позициясини қўллаб-қувватлайди", - дейилади баёнотда.
Шунингдек, Эрон ҳукумати ҳам АҚШнинг бу ҳаракатини қоралади.
"АҚШнинг санкциялар киритишга иштиёқи ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилмаслиги яна бир марта тўлиғича намоён бўлди. Биз АҚШнинг Туркияга қарши охирги санкцияларини кескин қоралаймиз", - деб ёзди Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф ўзининг Twitter саҳифасида.
14 декабр куни АҚШ Туркия Россиядан С-400 зенит-ракета мажмуаларини сотиб олгани учун Туркия мудофаа саноати котибияти, унинг раҳбари Исмоил Демир ва яна уч мансабдор шахсига нисбатан санкциялар жорий этди.
“Туркия огоҳлантиришимизга қарамай, Россиядан С-400 мажмуаларини сотиб олишни ва уларнинг синовларини ўтказишни давом эттирди. Биз Россиянинг мудофаа сектори билан йирик битимлар тузилишига чидаб турмаймиз”, деб айтган АҚШ давлат котиби Майк Помпео.
Туркия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларда совуқчилик тушишига сабаб бўлган С-400 мажмуалари Туркияга 2019 йил июлдан бошлаб етказилган. Вашингтон Анқарага ушбу битимдан воз кечишни ва Туркияга F-35 қирувчи самолётлари сотишни бекор қилиш ва санкциялар киритиш билан таҳдид қилиб, С-400 ўрнига АҚШнинг Patriot мажмуаларини сотиб олишни таклиф қилган.
Бироқ Анқара ён босишни истамаган ва Россия билан С-400’нинг қўшимча партияларини сотиб олиш бўйича музокараларни давом эттирган.
Мавзуга оид
22:39 / 19.06.2026
Тушунарсиз келишув: Теҳрон уни «Америка устидан ғалаба» деб талқин қилмоқда
21:38 / 19.06.2026
АҚШ ва Эрон ўртасида Швейцариядаги музокаралар ўтказилмайдиган бўлди
20:51 / 19.06.2026
«Италия ва мен ҳеч қачон ёлвормаймиз» - Мелони Трампга кескин эътироз билдирди
20:26 / 19.06.2026