10:46 / 17.12.2020
10844

Марказий банк халқаро захиралари нега камайди?

Тўрт ойдан буён Ўзбекистон Марказий банки олтин-валюта захираси муттасил камайиб бормоқда.

Фото: РИА Новости / Павел Лисицын

Жорий йилнинг 1 декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистон Марказий банки халқаро захира активлари 31 миллиард 938 миллионга тенг. Охирги тўрт ой мобайнида МБ халқаро захира активлари тушиб бораётгани кузатилмоқда, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Аслида, Ўзбекистон халқаро захиралари 2020 йил бошига нисбатан 3,35 миллиард долларга ошди. Масалан, 2020 йил 1 январ ҳолатига кўра, халқаро захиралар 28,5 миллиард долларни ташкил этганди ва орадан 11 ой ўтиб, захиралар 31,9 миллиардга етган. Бунда олтин нархининг йил бошидаги 1511 доллардан ҳисобот санасига 1771 долларга ошиши халқаро захираларнинг 2,7 миллиард долларга ошишини таъминлади.

Шунга қарамай, халқаро захиралар ноябр ойида 535 миллион долларга камайди. Яъни октябрда захиралар 32,6 миллиарддан ноябрда 32,4 миллиард долларга тушди. Бунда олтин нархининг ҳисобот ойи бошидаги 1875 доллардан 1771 долларга тушиши захираларни 1 миллиард 81,3 миллион долларга камайтирган бўлса, валюта қимматликлардаги ошиш 545 миллион долларни ташкил қилди.

МБ захира активларининг катта қисми ҳалигача олтиндан иборат. Яъни олтиннинг барча захира активлардаги улуши 18,4 миллиард долларга (соф ҳажми 10,4 миллион трой унция) тенг ва 14 миллиард долларга тенг қийматли конвертация қилинадиган хорижий валюта бош офиси хорижда жойлашган банкларда сақланмоқда. Демак, олтин ва валюта қимматликлардаги ўзгариш Ўзбекистон захира активлари миқдорига билвосита таъсир ўтказади.

Марказий банк бошқарув кенгаши раиси Мамаризо Нурматов АҚШ Ғазначилиги облигация сотиб олиш орқали олтин-валюта захираси портфелини кенгайтирмоқчи эканини билдирганди. Шунда бозордаги актив қимматликларнинг кескин ўзгариши Ўзбекистон олтин-валюта захирасига билвосита таъсири камроқ сезилади. 

Top