Ўзбекистон | 08:15 / 22.12.2020
26939
4 дақиқада ўқилади

Умумтаълим муассасаларида янги лавозим жорий этилади

Президент “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • мамлакат тараққиёти учун янги ташаббус ва ғоялар билан майдонга чиқиб, уларни амалга оширишга қодир бўлган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак янги авлод кадрларини тайёрлаш, таълим ташкилотлари битирувчилари замонавий касб эгалари бўлишлари учун уларда зарур кўникма ва билимларни шакллантириш;
  • дунё миқёсидаги бугунги кескин рақобатга бардош бера оладиган миллий таълим тизимини йўлга қўйиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини замон талаблари асосида такомиллаштириш, уларнинг янги авлодини яратиш, ўқув дастурлари ва стандартларини оптималлаштириш;
  • таълим-тарбия муассасаларининг раҳбар ходимлари, педагог ва мураббийлари, профессор-ўқитувчилари ва илм-фан соҳалари вакилларининг жамиятимиздаги ўрни ва мақомини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини муносиб қадрлаш ва фаолият самарадорлигига қараб моддий рағбатлантириш;
  • педагог ходимларнинг касбий маҳорати ва фаолият самарадорлигини мунтазам ошириб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, малака ошириш тизимини «ҳаёт давомида ўқиш» тамойили асосида такомиллаштириб бориш;
  • илмий-тадқиқот ва таълим хизматларини кўрсатиш бўйича хусусий секторнинг салмоғини кенгайтириш, ҳудудларда нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш орқали рақобат муҳитини шакллантириш, таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;
  • замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда таълимни бошқаришни автоматлаштириш ва ҳар томонлама таҳлил қилиб бориш тизимини яратиш, электрон ресурслар ва масофавий таълимни янада ривожлантириш, таълим олувчилар ўртасида IT-соҳасидаги касбларни оммалаштириш;
  • илм-фанни иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, иқтидорли ёш олимларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, мавжуд илмий ташкилотлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
  • таълим тизимига юқори самарали халқаро амалиётни жорий этиш, республика таълим ташкилотларини нуфузли халқаро рейтингларга киритиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш.

2021 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир умумтаълим муассасасида Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилади.

Белгиланишича:

а) Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этилган таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар, олий таълим муассасаларининг ижтимоий гуманитар кафедралари профессор ва ўқитувчилари жалб қилинади;

б) Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимига тайинланган:

таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорларнинг меҳнатига — умумтаълим муассасаларидаги «Ёшлар етакчиси» лавозимининг 0,25 штат бирлиги ҳисобидан;

олий таълим муассасаларининг ижтимоий гуманитар кафедралари профессор ва ўқитувчиларининг меҳнатига — мазкур олий таълим муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланади;

в) Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларга ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялаш, мактаб ўқитувчилари ва фаол ўқувчиларининг ижодий ишларини кенг жамоатчиликка етказишга кўмаклашиш, турли хилдаги викториналар, мушоиралар, адабий кечалар, қизиқарли дарслар, китобхонлик ва шеърхонлик мусобақаларини ташкил этиш вазифалари юкланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид