Жаҳон | 00:16 / 23.12.2020
16881
2 дақиқада ўқилади

Россия оғир жанглар бораётган МАРга 300 ҳарбий инструктор жўнатди 

Россия Марказий Африка Республикасига 300 ҳарбий инструкторни жўнатди. Ушбу давлатда охирги ҳафталар ҳукумат армияси ва исёнчилар ўртасида оғир жанглар бормоқда.

Фото: ТАСС

Россиялик инструкторлар Африка давлатига унинг раҳбарияти илтимоси билан жўнатилган. Улар МАР миллий армияси ҳарбийларини ўқитиш билан шуғулланишади.

Россия ташқи ишлар вазирлигида таъкидланишича, МАРга ҳарбий инструкторларни юбориш зарурати ҳукуматга қарши қуролли гуруҳлар мамлакат бўйлаб ҳаракатланиб, вазиятни беқарорлаштираётгани сабабли юзага келган. Таъкидланишича, ушбу гуруҳлар ташқаридан бошқарилмоқда.

21 декабрда МАР ҳукумати вакили Анж Максим Казаги Россия мамлакатга бир неча юз ҳарбий ва оғир қурол ташлаганини маълум қилган. Таъкидланишича, бу ҳукумат кучлари ва исёнчилар ўртасида бораётган жанглар ортида амалга оширилган. Бироқ Москва ушбу ахборотни на рад этган ва на тасдиқлаган. Россиянинг МАРдаги элчиси Владимир Титоренко Африка давлатида россиялик ҳарбийлардан мудофаа вазирлигининг фақат 5 вакили борлигини, яна 14 нафар россиялик ҳарбий БМТнинг МАРдаги тинчликпарвар миссиясида хизмат қилишини маълум қилган. Шу билан бирга, МАРда Россиянинг хусусий ҳарбий компанияларидан бирининг жангчилари иш бошлагани ҳақида ахборот пайдо бўлган. Таъкидланишича, улар пойтахт Бангидан 130 км узоқликда руандалик ёлланма жангчилар ва МАР қуролли кучлари вакиллари билан бирга кузатилган.

МАРдаги исёнчилар ҳаракатининг фаоллашуви мамлакатда 27 декабрда ўтиши белгиланган президент ва парламент сайловлари билан боғланган. Маълум қилинишича, исёнчиларнинг учта гуруҳи амалдаги президент Фостен-Арканжа Туадерага иккинчи муддатга сайланишга халақит бериш мақсадида ҳукуматга қарши бўлган “Ўзгаришлар учун ватанпарварлар коалицияси”га бирлашган. 

Мавзуга оид