Ўзбекистон | 08:54 / 26.12.2020
3368
2 дақиқада ўқилади

Болаларга эрта ёшдан таълим бериш лойиҳасига 100,57 млн доллар ажратилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Халқаро тараққиёт уюшмаси, Таълимда глобал ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Натижаларга асосланган ёндашувлар учун глобал ҳамкорлик ташкилоти иштирокидаги «Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Norma’нинг ёзишича, умумий қиймати 100,57 млн АҚШ долларини ташкил этадиган лойиҳа 2020–2024 йилларда болаларнинг эрта ёшдан таълим олиш имкониятларини ошириш, давлат мактабгача таълим ташкилотларида таълим муҳитини яхшилаш, таълим сифатини тизимли равишда баҳолаб бориш имкониятларини яратишга қаратилган.

Ўзбекистон ва Халқаро тараққиёт уюшмаси (ХТУ) ўртасида «Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш» лойиҳасини амалга ошириш учун 30 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан 59,5 млн АҚШ доллари миқдорида кредит ажратиш тўғрисида битим имзоланган.

9,5 млн АҚШ доллари миқдорида грант ажратиш тўғрисида имзоланган битим доирасида Таълимда глобал ҳамкорлик ташкилотининг грант агенти сифатида қатнашади.

Лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистоннинг улуши 26,72 млн АҚШ долларини, шу жумладан солиқ ва божхона имтиёзлари 16,9 млн АҚШ доллари эквивалентини ташкил этади.

Мактабгача таълим вазирлиги кредит ҳамда грантлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ижро этувчи орган этиб белгиланди.

Лойиҳани амалга ошириш даврида ижро этувчи орган ҳузурида ХТУ кредити ҳисобидан молиялаштириладиган 10 штат бирлигидан иборат бўлган лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ташкил этилади.

Кредитни қайтариш, шунингдек кредит бўйича фоиз тўловлари, хизмат кўрсатиш ҳақи, 3,4 млн АҚШ доллари миқдоридаги инвесторнинг даромадини тўлаш ҳамда солиқ ва божхона имтиёзларини бериш билан боғлиқ харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳужжат 16.12.2020 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид