Жамият | 19:19 / 30.12.2020
11312
3 дақиқада ўқилади

«Тиктокерлар ‘ижоди’ бемаъниликдан иборатлигини ўзлари ҳам тан олишади, лекин...»

Тиктокерлар ўз видеолари бемаъни ва фойдасиз эканини тан олишади, лекин аудитория талаби (савияли контент “учмайди”) ва рекламадан келаётган даромад уларга бу бемаъниликни тўхтатишга йўл бермайди.

Ортда қолаётган йилда асосан бемаъни видеолар платформаси – TikTok ижтимоий тармоғи Ўзбекистонда ҳам катта тезликда оммалашиб, баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди.

Декабрь ойи бошида Kun.uz ҳомийлигидаги «SUBYEKTIV» лойиҳаси «TikTok пандемияси» ҳақида ҳикоя қилувчи кўрсатувни эълон қилди. Унда муаллиф Жамшидхон Зиёхонов бугунги ёшлар ҳаётидан кўпчиликка номаълум саҳифалар ҳақида сўз юритган.

Журналист Бобур Акмалов ўзининг «Kun. Munosabat» рукнининг навбатдаги сонида Жамшидхон Зиёхонов билан шу мавзуда фикр алмашди.

«TikTok'нинг яхши ёки ёмон томонлари? Бу саволга кўрсатувни тайёрлаш жараёнида ҳам жавоб қидирдим. Тўғрисини айтсам, жавоб топишим жуда қийин бўлди. Ўзбекистондаги машҳур тиктокерлар билан гаплашдим, менда улар ҳақида ёмон таассурот қолгани йўқ. Ваҳоланки, мен улар ишлаётган видеоларга ёмон муносабатдаман.

Бу бемаъни видеоларнинг ҳеч қандай фойдали томони йўқ. Менимча, бу болалар, яъни тикток аудиторияси сўраган нарсани бераётган тиктокерлар – ҳозирги тренддаги талабнинг қурбонлари.

Уларнинг кўпчилиги видеолари бемаъни эканини тан олишяпти. Кўпчилиги маънолироқ видеолар қилиб кўришган, лекин у видеоларни ҳеч ким кўрмаган. Аксинча, бемаъни контентни томошабинлар кўпроқ кўриб, лайк қўйгани учун улар шунақа видеоларни ишлашяпти. Ва уларга катта-катта реклама таклифлари тушяпти.

Албатта, бунақа катта компаниялар келиб, йиллик шартномалар тузганидан кейин, тиктокерларнинг ўзларига ишончи ортади, қилаётган ишига танқидий муносабати камаяди. Шундай экан, бемаъни видео олишда давом этаверишади. Чунки улар бўлмаса, ўрнига бошқалар шу ишни қилади.

Савия жуда ҳам саёзлашиб кетди? Ҳа, шундай. Буни бекорга пандемия деб атамадим. Илк марта тиктокка кириб кўрганимда, логикага тўғри келмайдиган, маза-матрасиз видеоларни шунчалик кўп одам кўраётгани, лайк босаётгани, муҳокама қилаётганини кўриб шокка тушганман.

Бунақа савиядаги контент тарқалишини камайтиришни истасак, уларни ўзимиз ҳам бошқаларга улашмаслигимиз, беҳуда вақт сарфлаб кўриб юрмаслигимиз керак», – дейди Жамшид Зиёхонов.

Мавзуга оид