Жаҳон | 15:04 / 04.01.2021
55436
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Туркияда ўзбекистонлик аёл ўз жонига қасд қилди

Измирда жойлашган бинонинг 10-қаватидан сакраган аёл ўзбекистонлик бўлгани ёзилмоқда. Ҳодиса сабаблари ўрганилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Жорий йилнинг 2 январ куни ўзбекистонлик 28 ёшли Мубинабону Б. Туркиянинг Измир шаҳри Каршияк тумани Мавишеҳир маҳалласида жойлашган кўп қаватли бинонинг 10-қаватидан сакраб, ўз жонига қасд қилган. Бу ҳақда Туркия оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.

Таъкидланишича, қизнинг психологик муаммолари бўлган. Ўз жонига қасд қилгани гумон қилинаётган ўзбекистонлик қиз зудлик билан Бакирчой университети ўқув-илмий шифохонасига ётқизилган ва шу ерда оғир тан жароҳати туфайли вафот этган. Ҳодиса юзасидан маҳаллий полиция терговга қадар суриштирув бошлаган.

Kun.uz ҳодиса юзасидан Ташқи ишлар вазирлигига сўров юборди.

Ўтган йилнинг декабр ойида Туркиянинг Живрил шаҳрида Ўзбекистон фуқаросининг мажбуран ушлаб турилгани тўғрисида хабарлар тарқалганди. ТИВ ушбу масалага ойдинлик киритиб, расмий ахборот берган.

Аввалроқ, 2020 йил 12 декабр куни Истанбул шаҳрининг Чаталжа туманида юзага келган ўзаро жанжал оқибатида Ўзбекистон фуқароси Х.Х. жароҳат олиб, вафот этгани хабар қилинганди.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид