Жаҳон | 14:36 / 04.01.2021
9906
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон милицияси 8 январдан кучайтирилган тартибда ишлашга ўтади

Сайлов куни жамоат тартибини таъминлашга 11 минг нафар милиционер жалб этилади.

Фото: ТАСС

Президент сайлови ва референдум ўтказилиши сабабли Қирғизистон милицияси ходимлари 8 январдан кучайтирилган тартибда ишлашга ўтади. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

 "Қирғизистон ички ишлар вазири Улан Ниязбековнинг буйруғи билан президент сайлови вақтида жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида милиция ходимлари 8 январдан хизмат вазифасини кучайтирилган тартибда бажаришга ўтади", - дейилади хабарда.

 Маълумот берилишича, сайлов куни жамоат тартибини таъминлашга 11 минг нафар милиционер жалб этилади. Ҳозирда сайлов участкаларида 5 мингдан ортиқ милиция ходими фаолият юритмоқда.

 Қирғизистон марказий сайлов участкасининг хабар беришича, 10 январда бўлиб ўтадиган президент сайловига 18 нафар номзод рўйхатга олинган, улардан бир нафари сайловда қатнашишдан воз кечган.

 Номзодлар орасида октябрдаги норозилик намойишларидан сўнг ҳокимият тепасига келган Садир Жапаров ҳам бор. У президент сайловида қатнашиш учун 14 ноябрда вақтинчалик президентлик ваколатларидан воз кечди.

 Қирғизистонда 10 январ куни шунингдек, мамлакатдаги бошқарув шакли бўйича референдум ҳам бўлиб ўтади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид