10:30 / 06.01.2021
11048

Электр энергиясида кузатилаётган узилишлар бўйича баёнот берилди

Фото: KUN.UZ

Энергетика вазирлиги электр энергиясида кузатилаётган узилишлар бўйича баёнот берди.

Қайд этилишича, Марказий Осиё ва Қозоғистонни боғловчи ягона энергетик тизимининг электр узатиш тармоқларида режадан ташқари содир бўлган узилишлар сабабли аварияга қарши автоматика ишлаган.

Энергетик қурилмаларга шикаст етмаслик учун ускунанинг технологик ҳимояси автоматик равишда ишлаган ва айрим электр станциялардаги энергоблоклар ўчирилган. 

Хусусан:

Тўрақўрғон ИЭСда қуввати 750 МВт дан 500 МВт гача;
Тахиатош ИЭСда 280 МВт дан 150 МВт гача;
Навоий ИЭСда 450 МВт дан 230 МВт гача;
Тошкент ИЭСда 370 МВт дан 180 МВт гача қувват камайган.

Шунингдек, Талимаржон ИЭСнинг умумий қуввати 900 МВт бўлган иккита БГҚлари ўчирилган.

Билдирилишича, айни пайтда Талимаржон ИЭСда қурилмаларни ишга тушириш жараёни амалга оширилмоқда, қолган электр станцияларда иш режими қайта тикланган.

Мазкур ўчиш ҳолатининг сабаблари ўрганилмоқда.

“Яқин соатларда электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилади. Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз”, - дейилади баёнотда.

Top