Ўзбекистон | 15:43 / 07.01.2021
14023
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон яна битта янги «Boeing-787-8» самолётини харид қилади

Март ойида Ўзбекистон янги «Boeing-787-8» самолёти харид қилади. Бу охирги уч йилда харид қилинган тўртинчи «Boeing-787-8» ҳаво кемаси ҳисобланади. Аввалроқ, «Uzbekistan Airways» авиапарки янги «Airbus A320 Neo» билан тўлдирилгани маълум қилинганди.

Фото: Tashkent SkyNews

Жорий йилнинг март ойида «Uzbekistan Airways» АЖ янги «Boeing-787-8» самолётини харид қилиши кутилмоқда. «Дримлайнер»нинг харид қиймати 141,7 миллион доллар бўлиб, шундан 107,1 миллион доллари Хитой давлат тараққиёт банки томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Бу ҳақда 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида маълум қилинди.

Таъкидланишича, самолёт харидининг миллий валютадаги қиймати 1 триллион 544 миллиард сўм бўлиб, шундан 7,6 миллиард сўми Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади. Харид мақсадида жалб этилган тўғридан тўғри инвестиция эса 369,5 миллиард сўмни ташкил этмоқда.

2020 йил 16 март куни ҳукуматнинг тегишли қарори билан, «Тўртта янги   «Boing-787-8» самолиётини харид қилиш» инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари тасдиқланганди.

Ҳужжатга кўра, «Boeing-787-8» самолётлари охирги 3 йилда Хитой давлат тараққиёт банки томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан сотиб олинган. Шунингдек, самолётлар хариди учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари, бошқа молиялар ҳам йўналтирилган.

Маълумот учун, «Boeing-787-8» ҳаво кемалари ёнилғи сарфлаш самарадорлигини ошириш, шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага СО2 газининг ажралиб чиқишини камайтириш имконини берувчи GE Аviation компаниясининг GEnх-1B двигателлари билан жиҳозланган.

Аввалроқ, «Uzbekistan Airways» 150 ўринга мўлжалланган «Airbus A320 Neo» сотиб олгани ҳақида хабар берилганди.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид