20:56 / 09.01.2021
7431

Эрон ХАЭА инспекторларини мамлакатдан чиқариб юбориш билан таҳдид қилди

Теҳрон АҚШнинг Эронга қарши санкциялари бекор қилинишини талаб қилмоқда.

Фото: Getty Images

Агарда АҚШнинг Эронга қарши санкциялари 21 февралгача тўхтатилмаса, Теҳрон Халқаро атом энергияси (ХАЭА) инспекторларини мамлакатдан чиқариб юборади. Бу ҳақда Эрон парламенти аъзоси Аҳмад Амирободий маълум қилди.

 "Агарда Эрон Ислом Республикасига қарши санкциялар 21 февралгача бекор қилинмаса, биз Халқаро атом энергияси инспекторларини мамлакатдан ҳеч шубҳасиз чиқариб юборамиз", - дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Mehr агентлиги.

"Америкаликларга бир ой муҳлат берамиз, чунки АҚШнинг янги маъмурияти 21 январда иш бошлайди. Уларда санкцияларни бекор қилиш бўйича чора кўриш учун 21 февралгача вақт бор, акс ҳолда Эрон Ислом Республикаси ўз халқини ҳимоя қилишга киришади", - деди Амирободий.

 Унинг таъкидлашича, Эрон ядровий дастури бўйича келишувдаги асосий мақсадлардан бири санкцияларнинг бекор қилиниши бўлиб, бу амалга ошмаган.

2015 йилда Эрон ва Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, АҚШ, Франция ядровий дастур бўйича келишув имзолаганди. Унга кўра, Эронга қарши санкциялар бекор қилиниши лозим эди, Теҳрон эса атом соҳаси бўйича қатор мажбуриятларни зиммасига олганди.

2018 йилда АҚШ президенти Доналд Трамп ушбу келишувдан чиқиб кетди ва Эронга нисбатан бир томонлама санкцияларни тиклади.  

АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден ядровий келишувга қайтишга ҳаракат қилиши кутилмоқда.

Top