Жаҳон | 19:10 / 11.01.2021
9617
2 дақиқада ўқилади

Жапаров Қирғизистонда "қонун диктатураси"ни ўрнатишга ваъда берди

Садир Жапаровнинг айтишича, Қирғизистоннинг 30 йиллик мустақиллиги тарихида шахсий мақсадларини кўзлаб масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олмаган. 

Фото: EPA/Vostock-photo

Қирғизистон президенти сайловида ғалаба қозонган Садир Жапаров мамлакатда "қонун ва адолат диктатураси"ни ўрнатиш ниятида эканлигини айтди.

"Президент лавозимига тўлиқ киришганимдан сўнг давлатни ривожлантириш масаласида президентликка бошқа номзодлар билан маслаҳатлашмоқчиман. Уларни умумий мақсад – давлатни ривожлантириш учун бирлик ва ҳамкорликда ишлашга чақираман", - деди Жапаров.

Жапаровнинг айтишича, Қирғизистоннинг 30 йиллик мустақиллиги тарихида шахсий мақсадларини кўзлаб масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олмаган. 

"Барчангизни ишонтириб айтаманки, мамлакатда бир кишининг диктатураси бўлмайди, қонун ва адолат диктатураси бўлади", - деди у.

Қирғизистон марказий сайлов комиссиясининг сўнгги маълумотларига кўра, Жапаров 84 фоиз овоз билан ғалаба қозонмоқда. Иккинчи ўринни Адахан Мадумаров 5,52 фоиз овоз билан эгалламоқда.  

Сайловлар натижаларини расман 2 ҳафтадан кейин эълон қилиш режалаштирилган. Аммо ҳозирдаёқ Жапаров Қирғизистон тарихидаги энг ёш президентга айланиши мумкинлиги аён бўлмоқда. Жапаров ҳозирда 52 ёшда бўлиб, сиёсий фаолиятини 2005 йилда бошлаган.

Жапаров республиканинг собиқ президенти Сооронбай Жээнбеков 2020 йил октябрдаги воқеалар оқибатида истеъфога кетгандан кейин унинг ўрнини эгаллаганди. Бироқ у президент сайловларида иштирок этиш учун давлат раҳбари ваколатларини вақтинча парламент спикери Талант Мамитовга топширганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид