17:45 / 15.01.2021
5782

Ўзбекистонда нега «самосуд» бўйича статистика юритилмаслиги изоҳланди

ИИВ тергов департаменти бўлим бошлиғи Азизбек Долихўжаев бугун, 15 январь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида ташкилотда самосуд бўйича статистика юритилмаслигини айтиб, буни Жиноят кодексида ушбу тушунчанинг мавжуд эмаслиги билан изоҳлади.

Азизбек Долихўжаев

«Сабаби бундай тушунчанинг ўзи Жиноят кодексида мавжуд эмас. «Самосуд» натижасида қилинган ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланган. Масалан, ҳақорат қилса, унга нисбатан куч ишлатиш йўли билан уриб, дўппослайдиган бўлса, етказган жароҳатининг даражасига кўра жавобгарлик белгиланади. Шунингдек, бир қатор бошқа ҳаракатлар, масалан тутқунликда ушлаш ёки безорилик жиноятлари аломатлари билан жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Шу нуқтаи назардан, шахснинг ҳаракатлари бевосита содир этган қилмишидан келиб чиқади. Дейлик баданига енгил жароҳат етказилса, Жиноят кодексининг 109-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади ва статистика бевосита 109-модда билан содир этилган жиноятлар доирасида ҳисобланади,” – дея ИИВ вакилининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош прокуратура масъул ходими Шокир Назаровнинг таъкидлашича, «самосуд»лар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончсизликдан эмас, балки одамлар қонунларни билмаслиги ёки била туриб менсимаслигидан келиб чиқмоқда.

Шокир Назаров

«Тергов жараёнларида шу нарсага гувоҳ бўлдикки, одамлар жаҳл устида ёки ўз хатти-ҳаракатлари қонуний жавобгарликни келтириб чиқаришини билмаган ҳолда «самосуд»га йўл қўяди. Ҳолбуки жиноят кодексида ҳар бир жиноят учун жазо муқаррар эканини белгиланган.

«Самосуд» натижасида киши — кимнидир жазолаш учун айбланувчига айланиб қолиши мумкин. Агар улар бу орқали кимгадир тан жароҳати етказса, Жиноят кодексининг 104-, 105-, 109-моддалари бўйича чора кўрилишига олиб келади,” – деди Шокир Назаров.

2020 йилнинг 22 декабрь куни Андижон вилояти Жалақудуқ туманида ҳайдовчиларни видеога туширишда гумонланган шахс «самосуд» қилинган эди. Кейинроқ, маълум бўлишича, у аслида бозордаги нархларни суратга олаётган бўлган.

Ушбу ҳолат 25 декабрь куни судда кўриб чиқилиб, 5 нафар ҳуқуқбузарларнинг ҳар бирига БҲМнинг 3 баравари миқдорида жарима жазоси белгиланган.

Шунингдек, 2020 йилнинг 24 июль куни Хоразм вилоятининг Гурлан туманида бир неча аёллар бошқа бир аёлни «самосуд» қилаётган ҳолати тасвирланган видеоёзувлар ҳам тарқалган эди.

Лекин, мазкур ҳолат юзасидан Гурлан тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилиниб, текширув натижалари ошкор қилинмаган.

Top