Ўзбекистон | 15:23 / 15.01.2021
21295
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда янги заргарлик корхонаси очилди

Фото: KUN.UZ

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Чилонзор туманида ишга туширилган “Gold Moon Tashkent” корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қиймати қарийб 21 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида йилига 6 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилган. Италия, Германия ва Туркиядан замонавий асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилган. Ишга 400 дан ортиқ моҳир заргар жалб қилинган. Италиялик дизайнер ва техник ходимлар уларга ўз маҳорат ва тажрибаларини ўргатмоқда.

Собиқ “ФОНОН” илмий-ишлаб чиқариш корхонаси негизида очилган ушбу ширкат маҳсулотлари замонавийлиги, сифати ва нафислиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда уларнинг харидори кўпайиб, импорт ўрнини босмоқда. Шунингдек, завод биносида савдо дўкони ташкил этилган. Маҳсулотларнинг 15 фоизини Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

- Заргарлик халқимизда азалдан бўлган, бугун ҳам бор, - деди Шавкат Мирзиёев. - Бизнинг мақсадимиз - ёшларни замонавий технологиялар ва дизайнга ўргатиб, камида 10 минг нафар йигит-қизни иш билан таъминлаш, Ўзбекистон миллий брендини жаҳон бозорига чиқариш. Юртимизда хомашё, қўли гул ҳунармандлар бор. Бу соҳа миллий анъаналарни тиклаш, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан ҳам катта пойдевор.

Корхона хомашёни мамлакатимизнинг тоғ-кон саноати комбинатларидан биржа савдолари орқали олади. Бу маҳаллий ҳунармандлар учун ҳам қулайлик яратади. Завод уларга ярим тайёр маҳсулотлар етказиб беради, дейилади хабарда. 

 

Мавзуга оид