Ўзбекистон | 13:20 / 22.01.2021
57806
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Эплай олмаса, Ғаниевни ишдан оламан»

Давлат раҳбари 22 январ куни Бухоро вилояти халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди. Вилоят ҳокими тасдиқланган бу тадбирда Бухоро вилояти олдида турган қатор вазифалар муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Қишлоқ хўжалигимиз жуда орқада. Шахсан мени мутлақо қониқтирмайди. Бухоро қишлоқ хўжалигида сувни икки баробар кўп ишлатяпти. Бу сув қанча меҳнат билан етиб келаётганини биласизларми? Жуда кўп электр энергияси сарфлаяпмиз. 

Сувни тежашни қачон ўрганамиз? Томчилатиб суғоришни қачон кенгайтирамиз? Мен Хўжаевни қаттиқ огоҳлантирдим. Агар эплай олмаса ишдан оламан. Яқинда икки вазирни ишдан олдим, буни ҳам оламан. 

Қишлоқ хўжалигимиз ҳам қониқтирмайди. Ҳалигача собиқ иттифоқ услубида ишлаяпмиз. Мен 1993 йилда Европага борганимда кўрганман, тупроққа тушадиган ҳар бир томчи сув, ҳар грамм ўғитнинг аниқ ҳисоб-китоби бор. Биз қачон ҳосилдорликни, даромадни кўпайтирамиз?! 

Ғаниевни [бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев - таҳр.] ҳам огоҳлантирдим, тизимни тўғри йўлга қўймаса, ишдан кетади”, – деди президент.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилдан Фарғона вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Ғаниев 2020 йил сентябрида бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган эди.

Мавзуга оид