Спорт | 07:19 / 23.01.2021
16413
8 дақиқада ўқилади

#FootWeek'нинг янги сонида: Абрамов миллий жамоага муносиб мураббийми?

#FootWeek кўрсатувининг янги сонида кўплаб мавзуларга тўхталдик. Футбол мухлислари ҳеч қачон бефарқ бўлмаган мавзу, шубҳасиз, миллий жамоа. Бу гал кўрсатувнинг катта қисмини айнан миллий жамоага бағишладик.

Купер нега кетди?

Кўрсатув давомида Ўзбекистон терма жамоалар маркази раҳбари Азиз Ҳайдаров билан суҳбатлашдик. У миллий жамоанинг собиқ бош мураббийи Эктор Купер нега ишдан кетганини тушунтирди. Купер Фаластинга учралган мағлубиятдан анча аввал – Австралияга қарши Осиё Кубоги-2019 чорак финал ўйинидан кейин кетиши мумкин бўлган. Ҳайдаровга кўра, ўшанда миллий жамоа олдига Осиё Кубоги финалига чиқиш вазифаси қўйилган.

Фаластинга қарши меҳмондаги 0:2 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин эса Купер Ҳайдаровдан «Мени кеткизасизларми?» деб сўраган. ЎФА вакилининг айтишича, Купернинг ўйиндан кейинги ҳаракатлари кетишига сабаб бўлган. Ҳайдаров Купер ўйиндан кейин футболчиларга гапирмаслиги, мағлубиятдан кейин далда бера олмаслиги, хатоларни таҳлил қилмаслиги, бир сўз билан айтганда, нотиқ бўлмагани учун ички муҳитни керакли даражада сақлай олмаган деб ҳисоблайди.

Ҳайдаров Фаластин билан ўйиндаги мағлубиятнинг техник сабабларини ҳам санади: «Фаластинга қарши сунъий майдонда ўйнашимиз аниқ бўлгач, мураббий 3-4 кун фақат сунъий майдонда машғулот ўтказди. Бу эса менимча хато бўлди. Чунки футболчилар табиий майдонда шуғулланиб юришади ва сунъий майдон оёқларни жуда қийнайди. Машғулотларда бир неча кун қийналгандан кўра бир марта ўйин куни қийналган яхши. Купернинг машғулотлари жуда узоқ давом этади. Фаластинга қарши ўйин олдидан иссиқ кунда иссиқ чиқиб турган сунъий майдондаги қийин машғулот тугагач, мураббий футболчиларни қайноқ майдонда яна бир неча муддат олиб қолиб, тушунтириш олиб борди. Табиийки бу футболчиларга унчалик ёқмади. Купер эса буни машғулотларда бефарқлик деб ҳисоблаб, футболчилардан ранжиди. Тан олиш керак, Купер катта профессионал эди, лекин бизга тўғри келмади», дейди миллий жамоа собиқ футболчиси Азиз Ҳайдаров.

Суҳбатдошимиз футболчилар Куперни кетказиш учун Фаластинга атай мағлуб бўлгани ҳақидаги гапларга ҳам жавоб берди: «Бунақа бўлмаган. Мен бу ишни қиладиган жамоада ишламаган бўлардим».

Абрамов миллий жамоага муносибми?

Терма жамоалар маркази раҳбари сифатида Азиз Ҳайдаров миллий жамоа бош мураббийи Вадим Абрамовнинг фаолиятидан қониқаётганини айтди. Бироқ охирги вақтдаги миллий жамоанинг натижалари бироз хавотир уйғотаётганини ҳам таъкидлади: «Менимча, Вадим Абрамовни кетказиш керак деган кайфият йўқ. Биз асосий рақиб Саудияга енгилдик, лекин кейин яна ғалаба қозондик. Мағлубиятдан кейин яна ғалаба қозона олиш доим яхши бўлган. Лекин охирги ўртоқлик ўйинларидаги натижалар мени ўйлантирмоқда. Ҳаттоки ўртоқлик ўйинидаги мағлубият бўлса ҳам. Жавобгар ва натижа талаб қилувчи шахс сифатида ҳолат мени ўйлашга мажбур қилаётгани рост», деди Ҳайдаров.

Ўзбекистон Аргентина билан ўйнайди

Азиз Ҳайдаров футзал бўйича миллий жамоасининг режалари ҳақида ҳам маълумот берди. Унинг айтишича, тез орада Ўзбекистон миллий жамоаси амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина миллий жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказади. Ўйин борасида Аргентина томони таклиф билан чиққан ва Ўзбекистон харажатларнинг бир қисмини кўтаришни гарданига олган ҳолда амалдаги жаҳон чемпионлари билан ўйинга рози бўлган. Ўйин Тошкентда бўлади ва Ўзбекистон Аргентинанинг харажатлари учун 20 минг доллар миқдорида пул тўлайди.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси эса феврал ойида 8 кун давомида Дубайда машғулот ўтказади. Йиғинда Иордания миллий жамоаси ва Арманистон клуби билан ўртоқлик ўйини келишилган. Яна янги рақиблар варианти пайдо бўлиши мумкин. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги U-22 жамоаси эса Дубайда йиғин ўтказиб, анъанавий тус олаётган Dubai Cup турнирида қатнашиши мумкин.

«Локомотив». Португалиялик мураббий, кўплаб янги футболчилар ва чемпионлик даъвоси

Кўрсатув давомида навбатдаги манзилимиз «Локомотив» клуби бўлди. Клуб директори ўринбосари Тўлабек Акрамов жамоанинг янги мақсадлари ва айни дамдаги ҳолати ҳақида гапирди. Унинг айтишича, ноябрда Темур Кападзе кетгач, янги мураббий қидиришни бошланган. Ўзбекистонда ишсиз юрган мураббийлар эса «темирйўлчилар»га мос келмаган. Шунда Темур Кападзе даврида «Локомотив»да ишлаган испаниялик мураббий Дани Шебейра жамоага яхши мураббий сифатида португалиялик Микаэль Секейрани таклиф қилган. Бир муддат ўрганилган «Брага» ёрдамчи мураббийига таклиф билан чиқилган ва у рози бўлган.

Секейра кўпинча ёрдамчи мураббий сифатида ишлаган ва Акрамовнинг айтишича, «Локомотив» португалиялик мураббий учун бош мураббий сифатида ишлайдиган илк жамоа бўлади. Мураббий келгач, «Локо» раҳбарияти унга катта трансферлар учун ортиқча пул йўқлигини тушунтирган ва Ўзбекистонда шартномаси тугаган футболчилар рўйхатини беришган. «Локомотив»нинг охирги мавсумдаги аксар ўйинларини кузатиб чиққан ва ўзбек футболи ҳақида тасаввурга эга бўлган мураббий қайси футболчиларни олишни белгилаб берган. Шундан сўнг клуб янги футболчилар билан музокара бошлаган.

«Пахтакор»га асосий рақобатчи?

«Локомотив» янги мураббий қаторида яна кўплаб яхши футболчилар билан шартнома имзолади. Миллий жамоа вакиллари Ислом Қобилов, Санжар Қодирқулов, Абдумавлон Абдужалилов, Жавоҳир Сиддиқов «Локомотив»га ўтди. Тўлабек Акрамовнинг айтишича, жамоада чемпионлик руҳияти бор ва айни дамда «Пахтакор»га рақобатчи ўлароқ чемпионлик учун кураша олади.

«Локомотив» бир ойда қанча пул ишлатади?

Клуб расмийсининг айтишича, «Локомотив» ОЧЛда мунтазам ўйнаб юрган вақтларда ишлаб топган пуллари ҳанузгача жамоанинг йиғинлари учун ишлатилади. Тўлабек Акрамов жамоа бир йилда «Локомотив» асосий жамоаси орқали тушадиган реклама шартномаларидан 2 миллиарддан кўп пул ишлаб топишини айтди. 800 кишидан ортиқ жамоага эга бутун «Локомотив» спорт клубини сақлаб туриш эса бир ойда ўртача 1,5 миллиард сўмга тушиши айтилди.

Порахўр ҳакамлар: улар ким билан келишган?

Кўрсатув охиридан кичик мулоҳаза ўрин олган. Яқинда ўзбекистонлик ФИФА рефериси Шерзод Қосимов келишилган ўйинларда қатнашгани учун 3 йилга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилганди. Олдинроқ худди шу ишни қилган Темур Тўхтасинов, Аскер Нажафалиев ва Жасур Мухторовлар ҳам жазоланган. Хўш, бу ҳакамлар айнан қайси пора беришни касб қилган (ва жиноятга қўл урган) жамоаларнинг ўйинларида натижани уларнинг фойдасига ҳал қилиб берган? Улар бу иш учун қанча пул олган? Нега ҳакам жазоланди-ю, лекин пора берган (ва жиноят содир этган) клублар жазоланмади? Яна бир савол: коррупцияга аралашиш орқали жиддий жиноятга қўл урган ҳакамлар фақатгина футбол ўйинларидан четлаштириладими ёки уларга нисбатан жиноий жавобгарлик ҳам белгиланадими? Умид қиламиз, тез орада бу саволларга жавоб берилади...

Мавзуга оид