Яқинда «Манчестер Сити» Абдуқодир Ҳусановни «Ланс»дан 40 миллион евро эвазига сотиб олди. Бу ўзбек футболидаги энг катта воқеaлардан бирига айланди. Kun.uz ва Tribuna.uz мухбири Ҳусановга ёшлигида устозлик қилган мураббийлардан бири — Алишер Иброҳимов билан суҳбатлашди.

Мураббий ўзи ҳақида

«Мураббийлик фаолиятимни 1999 йилда Қарши шаҳридаги футбол мактабида бошладим. Ўзим «Насаф» ўринбосарлар жамоасида ўйнадим. Жароҳатлар туфайли 21 ёшда футболдан кетишимга тўғри келди. Шундан кейин мураббийлик фаолиятимни бошладим. Қаршида 5 йил ишлаб, Тошкентга келдим. «Бунёдкор»да 13 йил фаолият олиб бордим. 2022 йилда Европа мамлакатларига кетдим. Ҳозир хусусий футбол мактабларининг бирида ишлаяпман».

Болалар футболини танлагани ҳақида

«Болалар футболи қизиқроқ. Улар билан ишлашнинг завқи бошқача. Ўзимиз етиша олмаган орзуларга болажонлар орқали эришишни ният қилганман».

Ҳусановга устозлик қилиши

«Бунёдкор»да 2002 йилдаги болалар билан марҳум Акмал Рисқуллаев ишлар эди. Абдуқодир 2004 йилда туғилган бўлсада, ўзидан 2 ёш катталар билан шуғулланарди. Мен у пайтда 2003 йилдаги ёшларга қарар эдим.

2002 йилдаги болалар тез катта бўлиб, уларга жисмоний юкламалар ортганидан кейин Акмал Рисқуллаев Ҳусановни менга ўтказишни айтди. Йўқ демадим. Чунки уни билардик ва кўриб юрардик.

Абдуқодир менинг жамоамга ўтганидан кейин 3-4 йил давомида ўйнади. Биз болаларни 15-16 ёшгача тайёрлаб, сўнг U-18, U-19, ўринбосарлар, биринчи ва иккинчи лига жамоаларига топшириб юборамиз.

Абдуқодир доим кулиб юрарди. Майдонга чиқса ҳеч нарсадан қўрқмасди. Ҳаводаги курашда, майдонни кўришда ва ҳужумни бошлашда ҳам яхши эди».

Кўп халқаро мусобақаларга чиқардик. Қозондаги турнирда финалда «Рубин» академиясини ютгандик. Ўшанда Абдуқодир ва яна 2-3 болани олиб қолишмоқчи бўлиб, сўрашганди. Аммо бу амалга ошмаганди».

Ҳусановни «Бунёдкор»нинг асосий таркибига олишмагани ҳақида