Ўзбекистон | 20:50 / 25.01.2021
26077
4 дақиқада ўқилади

Конституция ва сайлов қонунчилигига ўзгартиш киритилади. Нималар ўзгаради?

Сайловлар ва референдумлар октябрга кўчирилади. Сайлов комиссияси қарори устидан шикоят бериш муддати икки бараварга қисқаради. Хориждаги фуқаролар консуллик рўйхатида турмаса ҳам овоз бера олади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайлов қонунчилигига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳасини эълон қилди.

Лойиҳа қуйи палатанинг 25 январь кунги йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқилган.

Ўзгаришларга асосан, сайловлар ва референдумлар декабрдан октябрь ойига кўчирилиши кутилмоқда.

Расмий релизда изоҳланишича, ҳозирда президентлик ва депутатликка сайловлар уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда, декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

«Бу эса сайловлардан кейинги сиёсий тадбирларни ўтказиш, жумладан, Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотларнинг кечиктирилишига сабаб бўлади. Шу боис, қонун лойиҳасига кўра, сайловларни октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш таклиф этилмоқда», – дейилади расмий ахборотда.

Таъкидланишича, сайловлар октябрда ўтказилса, жараёндан кейин «олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун замин яралади».

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида қуйидагилар ҳам таклиф этилмоқда:

  • сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддатини 10 кундан 5 кунга қадар қисқартириш (расмий изоҳга кўра, бундан мақсад – сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш);
  • депутатликка сайловлар билан тенг равишда президентлик сайловларини ҳам давлат томонидан молиялаштириш;
  • сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурслари (мансаб ваколати, давлатга қарашли бинолар)дан фойдаланишни чеклаш;
  • сайловолди ташвиқотини олиб бориш тақиқланадиган шахслар тоифаларини белгилаш;
  • хориждаги Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш;
  • чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш;
  • халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институтини тугатиш ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юклаш;
  • вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари аъзолари сонини 7–15 нафардан 11–21 нафарга кўпайтириш;
  • сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифасини бекор қилиш;
  • сиёсий партиялар томонидан сайловдан олдин оралиқ ва сайловдан сўнг якуний молиявий ҳисоботларни, шунингдек, Ҳисоб палатасининг партиялар фаолиятини текшириш натижаларини эълон қилиш тартибини жорий этиш.

Умуман, қонун лойиҳаси қуйидаги тўртта ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимча киритади: Конституция, Сайлов кодекси, «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги конституциявий қонун, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонун.

Бу лойиҳа ҳам regulation.gov.uz порталига жойланмади

Қуйи палата қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйганини маълум қилди.

Лойиҳа, Конституцияни ўзгартишга оид бундан олдинги қонун лойиҳаси билан бўлгани каби, НҲҲ лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га жойланмаган.

Фуқаролардан қонун бўйича таклиф ва мулоҳазаларини [email protected] почтасига юбориш сўралмоқда. Бу эса бир фуқаро қолдирган таклифни бошқа фуқаролар ўқишига йўл бермайди.

Расмий изоҳда қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 2020 йилнинг май–июнь ойларида ташкил этилгани айтилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид