19:49 / 06.02.2021
15107

Самарқандда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг сохта ходими талабаларга қониқарли баҳо қўйишни талаб қилди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарори билан ўзини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида таништириб, Самарқанддаги университетларидан бирининг талабаларига давлат имтиҳонидан қониқарли баҳо қўйишни талаб қилган шахсга тегишли жазо тайинланди.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг 21 январ куни Самарқанд вилоятида яшовчи М.С. ушбу ҳудуддаги олий таълим муассасаси раҳбариятига қўнғироқ қилиб, ўзини Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида таништирган ҳамда мазкур университет талабаси – таниши Д.Ю. ва гуруҳнинг бошқа 17 нафар талабасига чет тили фани бўйича ўтказилаётган давлат имтиҳонидан қониқарли баҳо қўйишни талаб қилган.

Агентлик томонидан эълон қилинган хабарда қайд этилишича, фуқаронинг ушбу ноқонуний талаби ОТМ томонидан бажарилмагач, фуқаро М.С. такроран қўнғироқ қилиб, ушбу вазиятни зудлик билан ижобий ҳал қилишни, акс ҳолда масъуллар Тошкент шаҳрига чақиртирилиши билан таҳдид қилади.

«Жорий йилнинг 29 январ куни мазкур ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига мурожаат келиб тушди ҳамда фуқаро М.С.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўриш сўралди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда тегишли идоралар томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида фуқаро М.С.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тўғрисида олинган дастлабки маълумотлар ўз тасдиғини топди.

Ҳолат юзасидан 3 феврал куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида мазкур иш кўриб чиқилди. Суд жараёнида М.С. ва Д.Ю. айбига иқрор экани, мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатларни аввалдан тил бириктирган ҳолда амалга оширганига иқрор бўлиб, ҳозирда қилмишидан пушаймонлигини айтди», дейилади агентликнинг расмий муносабатида.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг қарори билан фуқаролар М.С. ва Д.Ю. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1975-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, тегишли жазо тайинланган.

Мазкур моддада таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчилар билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим муассасаси педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса – етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш кўзда тутилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўзини агентлик ходими сифатида таништириб, бирор нарса таъма қилувчи, хизмат буюрувчи ёки бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширувчи фуқароларга дуч келганда 71 202 04 00 (715) телефон рақами орқали ҳолат ҳақида зудлик билан хабар беришни сўраган.

Аввалроқ Самарқандда сохта ўт ўчирувчилар ва ИИБ ходими, Тошкент вилоятида сохта «ГАИ» ходими, Сирдарёда сохта прокурор, Тошкентда сохта Миллий гвардия майори, Сурхондарёда ўзини «ички ишлар органи майори» деб таништириб юрган сохта ходим қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Top