09:42 / 07.02.2021
34616

Фарғона вилоятида бир кунда тўрт туманда раҳбарлар ўзгарди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи ортидан 6 феврал куни Фарғона вилоятининг Қува, Ёзёвон, Ўзбекистон ва Боғдод туманларида янги ҳокимлар иш бошлади. Шунингдек, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари ўзгарди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ва Ўзбекистон президенти администрацияси вакили Абдулла Турсунов иштирок этган халқ депутатлари Боғдод туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Восилжон Шуҳратович Назаров Боғдод тумани ҳокими этиб тайинланди.

Восилжон Назаров

2018 йилдан бери Боғдод туманига ҳокимлик қилган Алибек Турсунов вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинлангани муносабати билан лавозимидан озод этилганди.

Восилжон Назаров 1984 йил Бувайда туманида туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2006 йилдан молия тизимида меҳнат қилиб келади. 2019 йилдан буён вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келаётганди.

Кун давомида Қува, Ёзёвон ва Ўзбекистон туманларига ҳам янги раҳбарлар тайинланганди.

2019 йил мартидан Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган Ҳалимжон Комилович Умаров Қува тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Ҳалимжон Умаров

Умаров 2006-2018 йилларда Тошлоқ тумани ҳокими, 2018-2019 йилларда Қува тумани ҳокими вазифасида ишлаган.

Бунгача Қува туманининг 4та сектор раҳбари - туман ҳокими Равшан Қурбонов, прокурор Бахтиёр Ваҳобов, ички ишлар бўлими бошлиғи Элёр Ҳайдаматов, солиқ инспекцияси бошлиғи Носир Мақсудов лавозимидан озод этилганди.

«Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти бош директори лавозимида фаолият юритиб келган Дилшоджон Турсунмуродович Жалилов Ёзёвон туманининг янги ҳокимига айланди.

Дилшоджон Жалилов

У 5 февраль куни президент иштирокида бўлиб ўтган халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида йўл қўйган камчиликлари учун лавозимидан озод қилинган Йўлчибой Боййигитов ўрнида иш бошлайди.

Фарғона шаҳри ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келган Шерзод Акрамович Йўлдошев Ўзбекистон тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

Шерзод Йўлдошев

У бу лавозимда Қаҳрамон Жўраевни алмаштирди.

Шунингдек, Боғдод тумани ҳокими Алибек Мамиржонович Турсунов Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Алибек Турсунов

Алибек Турсунов 2013 йилдан Фарғона вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, 2017 йилда Боғдод тумани ҳокими, 2017-2018 йилларда Бувайда тумани ҳокими, 2018 йил февралидан 2018 йил июнигача Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши раиси лавозимларида фаолият юритган. 

Top