Ўзбекистон | 17:22 / 10.02.2021
36910
2 дақиқада ўқилади

Ҳар қандай мажлисбозликни йиғиштириш керак - президент

Президент бош вазирга маҳалла раислари ва участка нозирларини ҳокимиятга мажлисга чақиришни қатъиян тақиқлаш бўйича топшириқ берди.

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»даги режалаштирилган вазифалар бўйича селектор ўтказилмоқда. Тадбирда барча вазирликлар, вилоятлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Kun.uz мухбири хабар беришича, давлат раҳбари яна бир бор мажлисбозликларни камайтириш зарурлиги ҳақида гапирган.

 «Давлат дастури бўйича менга халқимиздан келиб тушган 2 мингдан ортиқ таклифларни олиб келишди. Мен бундан жуда хурсанд бўлдим. Чунки халқимиз ўйғонмоқда.

Ҳар қанча қийин бўлмасин, жорий йилда 500 минг нафар ёшлар ва 200 минг аёлларни иш билан таъминлаш ҳамда «темир дафтар»га кирган 300 минг нафар кишини камбағалликдан чиқариш лозим.

Агар барча топшириқларга қунт билан, ақл ва садоқат билан ёндашилса, ҳаммасини бажарса бўлади.

Шу билан бирга, 33та «қизил» туман ва оғир аҳволдаги 970та маҳалланинг йўли, ичимлик суви ва электр таъминоти, ирригация тармоғи яхши бўлишини, даромад манбалари кўпайишини одамлар кутяпти.

Биз бу йил маррани жуда катта оляпмиз. Нима учун?

Аввало, кўпни кўрган, қийинчиликларда тобланган мард ва матонатли халқимизнинг буюк бунёдкорлик салоҳиятига, ўтган даврда яратилган иқтисодий пойдеворга ишониб, мана шундай улкан режа ва вазифалар ижросига киришмоқдамиз.

Буни мен пандемия бошланганда, 2020 йил 15 мартдаёқ айтганман. Темир интизом керак. Ҳар қандай мажлисбозликни йиғиштириш керак. Йиғилишларни фақат маҳаллаларда ўтказинглар, халқ билсин.

Бош вазирга топшириқ – маҳалла раислари ва участка нозирларини ҳокимиятга мажлисга чақириш қатъиян тақиқланади.

Бу «участковой»ларга бошлиқ бўлмаган одамнинг ўзи йўқ экан. Ички ишлар тизими масаласини ўзи яқин орада алоҳида кўриб чиқамиз», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид