Жамият | 18:20 / 16.02.2021
15607
4 дақиқада ўқилади

Булунғурда неолит даврига оид суратли қоятошлар қурилиш учун ишлатиляпти

Яқинда Булунғур туманидаги Ботбот қишлоғида мактаб ўқувчиларининг қоятошларда қадимий тасвирларни топгани ҳақида хабар берилди. Айтилишича, ушбу тасвирлар бир неча минг йиллар аввал мазкур қоятошларга туширилган.

Kun.uz ҳали тадқиқ қилинмаган ҳудудда бўлиб, қоятошларда акс этган ҳайвонлар ва бошқа англаш қийин бўлган суратларни тасвирга олди.

Бизни Жомбой туманидаги 51-умумтаълим мактабида тарих фанидан дарс бериб келаётган Муҳриддинхўжа Холсаидов ҳудудга бошлаб борди. Ўқитувчи бевосита археологик топилмаларга ҳам қизиққани боис, Булунғурда мактаб ўқувчиси томонидан қоятошларда ноодатий тасвирлар топилганига эътибор қаратганини айтмоқда.

Тасвир туширилган қоятошлар аҳоли яшаш пунктидан 6–7 километр ичкарида Боғбон маҳалласининг Ботбот қишлоғида жойлашганига гувоҳ бўлдик. Ҳудудга одамлар жуда кам боришаркан. Қир-ялангликларда чўпонларнигина учратишингиз мумкин. Қоятошлардаги тасвирларга эса ҳамма ҳам синчиклаб эътибор қилмагани учунми, шу кунгача бу ҳақда кимдир маълумотга эга бўлмагани айтилмоқда.

Булунғур туманидаги 19-умумтаълим мактаби ўқувчиси ҳам тасвирларни тасодифан пайқаб қолганини билдирди. Китоблардаги тасвирларни эслатиб юборган бу суратлар уни бу ҳақда бошқаларга ҳам маълум қилишга ундаганини айтмоқда.

«Қоятошлардаги тасвирларда шохдор тоғ эчкилари суратини ҳам кўрдим. Бундай ҳайвонлар ҳозирги кунда бизнинг ҳудудларда учрамайди. Қолаверса, бу жойда чашманинг борлиги ҳам эътиборимни тортди. Тўрт фаслда ҳам бу тоғ тизмаларида сув бўлади. Айнан шу жиҳат ҳам ушбу манзил қадимий одамлар макони бўлганига ишора қила олади. Чунки азалдан ҳудудда яшаш учун шароит бўлган. Шунингдек, дастлабки қуролларни ясаш учун қулай бўлган тошлар ҳам кўп учради бу ерда. Шу каби хулосаларга асосланиб, Самарқанд давлат университети археолог олимларига хабар бердик. Улар тезлик билан етиб келишди ва бу тасвирлар кеча ёки бугун пайдо бўлмаганини, камида етти-саккиз минг йиллик тарихга эга эканлигини тасдиқлашди», — дейди Жомбой туманидаги 51-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Муҳриддинхўжа Холсаидов.

Ўқитувчи қоятошларнинг ҳозирги кунда шунчаки қурилиш материали сифатида олиб кетилаётганидан ташвиш билдирди. Чунки бу тошларнинг ҳар бири тарихнинг бир саҳифаси экани, кўплаб осори-атиқаларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфи борлигини маълум қилди.

Биз мазкур қоятошлардаги суратларни келиб ўрганган Самарқанд давлат университети олимлари билан боғландик. СамДУ доценти Одил Эргашев ҳам тасвирлар ҳақиқатда қадимий эканлигини билдирди. Айни вақтда ушбу манзилдаги тошлардан намуна ва суратлар олиб кетилгани ва изланишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Уларнинг қўлида ҳудуддан топилган тош қуролларининг қолдиқлари сақланаётгани, топилган янги манзил бир неча ўн йиллик тадқиқотларга асос бўлишини билдирди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Юртимиз бундай қадим манзилгоҳларга бой. Ҳарқалай ҳозирча уларни тўлиқ муҳофазага олиш, ўрганишлар бўйича мақтана олмаймиз. Чунки бу каби манзилларнинг кўпи кўз олдимизда йўқолиб боряпти. Хусусан, бундан роппа-роса бир йил аввал ҳам Kun.uz’да Пайариқ туманининг Аламли қишлоғидаги қадимий манзилгоҳ ҳақида хабар берилганди. Афсуски, ўша ҳудудда ҳам қоятошларнинг оддий қурилиш материали сифатида ишлатилаётганига гувоҳ бўлгандик.

Бизнингча, айни вақтда биз бундай объектларимизни тўлиқ тадқиқ қила олмас эканмиз, ҳеч бўлмаганда муҳофазага олишнинг имкониятини қилишимиз керак. Булар борингки, келажак илмидир, келгусида ўрганилар. Шундай экан, илм манбаини исроф қилишнинг ҳам уволи бўлади.  

Исомиддин ПЎЛАТОВ, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси ­­– Жаҳонгир АЛИБОЕВ.

Мавзуга оид