Ўзбекистон | 15:22 / 17.02.2021
6634
3 дақиқада ўқилади

Бир кунда битта пунктда 70 киши эмланади – штаб 

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Ўзбекистонда ижтимоий масофа сақланиши ва аҳоли тўпланишининг олдини олиш мақсадида битта эмлаш пунктида бир кунда эмланадиганлар сони 70 нафаргача этиб белгиланди. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Маълум қилинишича, коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари, республикага ушбу вакциналарнинг етиб келиш муддати билан боғлиқ. Ҳозирча бу муддат феврал ойининг охири ва март ойининг бошлари бўлиши кутилмоқда.

«Вакциналар миқдоридан келиб чиқиб, аҳолининг катта миқдорда тўпланиб қолишига йўл қўймасдан, эмланишга келган аҳоли орасида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ҳар битта эмлаш пунктида бир кунда эмланадиган аҳоли сони 70 нафаргача деб белгиланмоқда. Коронавирусга қарши эмланган шахслар, патронаж тиббиёт ходимлари томонидан, эмлангандан сўнг 30 дақиқа давомида, кейинчалик 3 кун давомида уйига ташриф буюриш йўли билан мунтазам суриштириб борилади, уларнинг соғлиғи кўздан кечирилиб, ҳужжат билан расмийлаштирилади.

Марказдан ва аҳоли яшаш пунктларидан узоқда жойлашган ҳудудлар аҳолисини коронавирусга қарши эмлашни амалга ошириш мақсадида аҳолининг бориши қулай, яқин бўлган оилавий шифокор пункти филиалларида ҳам вақтинчалик эмлаш пунктлари ташкил қилиниб, ҳаракатдаги бригада-врач, вакцинатор ва дублёрлардан иборат гуруҳлар фаолияти ташкил этилиб, улар зарур автотранспорт воситалари билан таьминланади», деган Нурмат Отабеков.

Коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари оммавий ахборот воситалари орқали бевосита ёритиб борилади.

  • Бундан аввалроқ Ўзбекистонда биринчи навбатда 4 миллиондан ортиқ киши (кекса ёшдагилар, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликлари бор аҳоли, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасаси ходимлари, қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари) бепул эмланиши хабар қилинганди.
  • Бугун Республика махсус комиссияси Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини қўллашга рухсат берилгани, ушбу вакцинадан 1 миллион доза харид қилиш юзасидан амалий чоралар кўрилаётгани, шунингдек, хитойликлар вакцинасидан ҳам 1 миллион доза сотиб олиниши ҳақида маълум қилди.

Мавзуга оид