15:04 / 18.02.2021
4368

Ўзбекистон ва Қозоғистон янги бозорларга биргаликда киришни режалаштирмоқда

2021 йил 18 февраль куни Нур-Султон шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан қабул қилинди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

ТИВ хабарига кўра, вазир Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга мактубини топширди.

Учрашув чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектлари ва ҳудудларнинг ўзаро алоқаларини жадаллаштириш, маданий-гуманитар тадбирларни ташкиллаштиришга йўналтирилган қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Марказий Осиёдаги ҳозирги вазият, минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича шаклланаётган имкониятлар, шунингдек, янги истиқболли бозорларга биргаликда кириш бўйича режалар юзасидан фикр алмашилди, дейилади хабарда.

Top