Ўзбекистон | 11:47 / 19.02.2021
14745
10 дақиқада ўқилади

Жазо кетидан жазо. Қонунчилик жараёни ОАВга нисбатан бирёқлама ишлаяпти(ми?)

Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан сўнг Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлашга ҳам жиддий эътибор қаратмоқда. Бунинг ортидан жамиятда ОАВ, шу жумладан, блогерларнинг таъсири сезиларли даражада ошмоқда. ОАВ вакиллари кўтарган жиддий муаммолар ўз ечимини топа бошлади. Қизиқчи Ҳожибой Тожибоев таъбири билан айтганда, бир хор бўлган касб бир улуғ бўла бошлади. Одамлар журналистлар билан «енги билан кўришмайдиган» бўлди.

Бироқ сўнгги бир неча ойдаги қонун ижодкорлиги жараёни, қабул қилинган қонунлар ва қабул қилинаётганлари гўёки журналист ва блогерларнинг ҳар битта қадамини таҳлика билан босишга мажбур қилиш, хато қиладиган бўлса, шафқатсиз жазолаш сиёсати олиб борилаётгандай таассурот қолдирмоқда. Эндиликда журналист ё блогерлик худди дорбоз ва сапёр каби хато қилишга ҳақсиз касбга айлантирилаётгандек, гўё.

Қонунлар мисолида кўриб чиқамиз

2020 йил 25 декабр куни имзоланган 658-сонли қонун билан шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёки жамоат тартибига ва хавфсизлигига таҳдид соладиган ёлғон ахборотни тарқатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар белгиланди. Ёлғон ахборот тарқатиш қораланадиган ҳаракат, буни ОАВ ёки блогосфера вакилининг ўзи ҳам маъқуллайди. Аммо ушбу ҳуқуқбузарлик учун белгиланган жазолар билан танишган ҳар қандай инсон қонуннинг эзгу мақсадда ишлаб чиқилганига шубҳаланиб қолса ажаб эмас. Жазолар қуйидагича:

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 202-2-моддасига кўра:

  • шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 50 баравари - 12 млн 250 минг сўм;
  • жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 50–100 баравари - 12 млн 250 минг сўмдан 24 млн 500 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 244-6-моддасига кўра:

  • шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборот тарқатиш – БҲМнинг 150 бараваригача - 36 млн 750 минг сўм миқдорида жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан;
  • жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш – БҲМнинг 200 бараваригача - 49 млн сўм миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
  • Ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида юқоридаги жиноятларни жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда содир этганлик учун яна ҳам оғирроқ жазо чоралари – БҲМнинг 400 бараваригача, яъни 98 млн сўм жарима ёки уч йилгача озодликни чеклаш белгиланган.

Тўғри, туҳмат, ҳақорат қилганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш бекор қилинганини ҳам эътироф этиш лозим, аммо бир оғир жазони олиб ташлаб, шунга яқинроқ ғайриҳуқуқий қилмиш ва янада оғирроқ жазо чоралари киритилишидан қандай мақсад кўзланган?

Энг қизиғи, ҳали жамоатчилик ушбу қонунни ҳазм қилишга улгурмай туриб, кетидан янги қонунни қабул қилиш ҳаракати бошлаб юборилди.

«Миллий тикланиш» ва «Адолат» партиялари томонидан ишлаб чиқилган Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида:

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга фуқароларни Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан, ОАВдан, телекоммуникациялар тармоқларидан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек, матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда оммавий даъват қилганлик учун 14 млн сўмдан қарийб 20 млн сўмгача (БҲМ 60 бараваридан 80 бараваригача) жаримани назарда тутувчи нормаларни киритиш;

Жиноят кодексига ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига фаоллик билан бўйсунмасликка, оммавий тартибсизликка ёки фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга оммавий даъват қилганлик учун БҲМ 100 бараваридан 300 бараваригача (24 млн 500 минг сўмдан 73 млн 500 минг сўмгача!) жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, худди шу ҳаракатларни бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириш орқали ёхуд ОАВдан, телекоммуникация тармоқларидан, интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек, матнни нашр этиш ёки бошқа шаклда кўпайтириш турларидан фойдаланган ҳолда содир этганлик учун БҲМ 300 бараваридан 400 бараваригача (73 млн 500 минг сўмдан 98 млн сўмгача!) жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгиловчи нормалар билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, ушбу қонун қабул қилинадиган бўлса, блогерларга бир қатор мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

Мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишига, эҳтимол сўнгги вақтларда хорижий давлатлар, хусусан, Беларус ва Россияда юз берган оммавий тартибсизликлар сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.

Ривожланган давлатларда жарималар баланд бўлиши мумкин, аммо меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 747 минг сўм бўлган давлат учун лойиҳада таклиф этилаётган жарималар баландлик қилмайдими?

Яна бир ҳақли савол туғилади: нега «давлат хизматчиларининг даромад ва харажатлар бўйича декларация тўлдиришга оид қонунларни қабул қилишга ҳали тайёр эмасмиз» деймиз-у, юқоридаги қонунлар бир неча кун ичида қабул қилиб ташланади?

Нега давлат харидларидаги ўйинлар, порахўрлик ва бошқа кўплаб коррупцион жиноятлар орқали давлатга миллиардлаб зарар етказаётганларнинг шахсини оммага ошкор қилишни назарда тутувчи қонунлар ОАВ ва блогерларни қўрқитиб қўювчи юқоридаги қонунлар каби қисқа фурсатларда ишлаб чиқилиб, қабул қилинмайди?

Дарвоқе, МЖтКга яқиндагина киритилган норма - давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузишнинг энг оғир даражаси учун (!) БҲМнинг бор йўғи 30 баравари миқдорида маъмурий жарима белгиланган. Юқоридаги моддаларда эса журналист ёки блогер (катта эҳтимол билан)га энг енгил жазо БҲМнинг 50-60 бараварини ташкил этмоқда, энг оғир жазоларни (БҲМнинг 200-300 баравари) гапирмаса ҳам бўлади. У бунча пулни қаердан тўлайди, ахир қонунни бузган мансабдорга ўхшаб давлат харидларидаги ўйинлардан даромад кўрмаяптику! Бу саволлар қонун чиқарувчини умуман қизиқтирмайди. Акс ҳолда, бу даражадаги космик миқдордаги жарималар белгиланмас эди.

Аслида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жазо белгиловчи нормани ҳеч иккиланмай жиноят кодексига ҳам киритиш мумкин эди. Бироқ ҳозирча негадир фақат журналист ва блогерларни «рамкада сақлаш»га қаратилган жиноий жавобгарликлар жорий этилмоқда. Қонун чиқариш соҳасида икки тоифага бўлаётган икки хил муносабатни ўзингиз солиштириб олаверинг.

Қонунчиликдаги яна бир оғриқли нуқтамиз шундаки, ОАВ ёки блогер фаолиятига тўсқинлик қилганлик, сўз эркинлигига таҳдид қилганлик учун жиноий тугул ҳатто маъмурий жавобгарлик ҳам белгиланмаган. Уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун ҳеч қандай қонуний жавобгарлик белгиламасдан, ҳадеб уларнинг масъулиятини оширувчи, қатъий талаблар қўювчи қонунларни ишлаб чиқавериш тарози палласи «манфаатдор доира»лар томонга оғиб кетаётганини англатмайдими?

Қиммат жарималарни белгилашда мисол келтиришни яхши кўрадиганимиз хорижий давлатлар қонунчилигида бу масала қандай тартибга солинган ўзи?

Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 144-моддасида журналистларнинг қонуний касбий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, ушбу қилмиш учун 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг 13.16-моддасида ОАВ материалларининг қонуний асосда тарқатилишига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам ўрнатилган. Шунингдек, Беларус Республикаси Жиноят кодексининг 198-моддасида, Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 158-моддасида, Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг 162-моддасида ҳам журналистларнинг қонуний касбий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Беларус қонунчилиги сўз эркинлигини ҳимоя қилиш масаласида бизникидан шунчалик олдиндаки, ҳаттоки танқид қилган фуқароларни таъқиб қилганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик жорий этилган. Тожикистон Жиноят кодексининг 163-моддаси иккинчи қисмида ҳам шунга ўхшаш жавобгарлик ўрнатилган.

Бизда ҳам бу масалада қандайдир ҳаракатлар бошланган, АОКА томонидан журналистнинг қонуний профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий бўлса-да жавобгарлик жорий қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Бироқ афсуски, лойиҳалигича қолиб кетди.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, журналист ёки блогер ўз касбини суиистеъмол қилишини ҳеч ким оқламайди. Ушбу ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган қонунларни умумий миқёсда муҳокама қилмоқчи ҳам эмасмиз, аммо уларда бу қадар кескин қарорларга нисбатан саволлар бисёр.

Шунингдек, журналист ёки блогер учун турли-туман жавобгарликларни жорий қилишда фаол бўлаётган партиялардан уларни ҳимоя қилувчи, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилишни сўзсиз жазоловчи қонунларни ишлаб чиқишда ҳам мана шундай фаол бўлишни сўраб қоламиз.

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид