«Ишлашга вақт қолмаяпти» – Тошкент вилоятини мажлисларсиз бошқариб бўлмайдими?
Бугун, 23 феврал куни соат 10:00да Тошкент вилоятида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров ва вилоятнинг янги тайинланган ҳокими Даврон Ҳидоятов раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилган. Йиғилишда маҳаллабай ишлаш тизими самарадорлигига доир масалалар муҳокама қилинган.
Kun.uz манбасининг айтишича, соат 10:00дан сал ўтиб бошланган йиғилиш тушгача давом этган.
Шунингдек, бугунги йиғилишдан аввал, 22 феврал куни ҳам эрталабки соат 8:00да Даврон Ҳидоятовнинг топшириғи билан унинг ўринбосарлари, Тошкент вилоятидаги барча туман ва шаҳар ҳокимлари, тегишли бошқарма бошлиқлари ва котибият мудирлари иштирокида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилган.
Вилоятнинг янги ҳокими Даврон Ҳидоятов имзоси билан ҳудудларга юборилган телефонограммада 22 феврал куни кечки соат 20:30да вилоят ва туман сектор раҳбарлари, шунингдек, бошқарма ва ташкилот раҳбарлари Zoom платформаси орқали онлайн йиғилишда қатнашиши кераклиги кўрсатилган.
Кўриб турганингиздек, вилоят масъуллари меҳнат қонунчилигига зид равишда 2 кун ичида 3 марта мажбурий йиғилишга чақирилган. Бундан ташқари, 22 феврал куни эрталаб соат 8:00да йиғилишга чақирилган раҳбарлар ўша куни орадан 12 ярим соат ўтгач яна мажлисда ўтиришга мажбур бўлмоқда.
Kun.uz суҳбатлашган вилоят ташкилотларидан биридаги лавозим эгаси вилоятда йиғилишлар кун сайин ортиб бораётгани, бунинг оқибатида ишлаш ва берилган вазифаларни бажариш учун вақт деярли қолмаётганини айтмоқда. Унинг айтишича, сутканинг деярли 6-8 соати турли кераксиз йиғилишларда ўтмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 январ кунги селекторда мажлисбозликлар кўпайиб кетганини қаттиқ танқид қилиб, рухсатсиз мажлис қилган раҳбарлар ишдан кетишини айтганди.
«Кўп амалдорлар мажлисбозликка касал бўлган. Буни даволаймиз. Бугундан бошлаб мажлис қилмоқчи бўлган ҳокимлар администрациядан рухсат олиб, узоғи 40 дақиқалик мажлис ўтказиши мумкин. Рухсатсиз мажлис ўтказган амалдорлар ишдан кетади», деган эди президент.
Бундан ташқари, 10 феврал куни давлат раҳбари яна бир бор ҳар қандай мажлисбозликни йиғиштириш кераклигини айтди.
«Темир интизом керак. Ҳар қандай мажлисбозликни йиғиштириш керак. Йиғилишларни фақат маҳаллаларда ўтказинглар, халқ билсин. Бош вазирга топшириқ – маҳалла раислари ва участка нозирларини ҳокимиятга мажлисга чақириш қатъиян тақиқланади», дея таъкидлаганди президент.
Мавзуга оид
19:57
«Тошкент вилояти сув таъминоти» АЖ мутахассиси 1,6 минг доллар билан ушланди
21:23 / 21.11.2024
Тошкент вилоятида ҳожатхона учун қазилган чуқурга тушиб кетган фуқаро қутқарилди
14:12 / 15.11.2024
Дилшод Султонов шаҳар ҳокимлигидан ҳам кетди
08:14 / 14.11.2024