13:04 / 25.02.2021
3407

Ўзбекистон глобал инновация индексида 29 ўринга кўтарилди

2020 йилда Ўзбекистон 2015 йил билан таққослаганда глобал инновация индекси рейтингда 29 поғонага кўтарилиб, 93-ўринни эгаллади. Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари орасида 4-ўрин ва даромади ўртачадан паст бўлган 29 мамлакат орасида 12-ўринни эгаллаган.

Глобал инновация индекси (The Global Innovation Index) глобал тадқиқот бўлиб, у давлатларнинг инновацион ривожланганлик даражасини баҳолайди. Мазкур рейтингни баҳолаш услуби Франциянинг INSEAD халқаро бизнес-мактаби, Корнел университети ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ) томонидан ишлаб чиқилган. Ҳозирда Глобал инновация индекси 80та кўрсаткичлардан иборат бўлиб уларнинг сони йилдан-йилга ўзгариб туриши мумкин.

Ўзбекистон Глобал инновация индексида сўнгги маротаба 2015 йилда 141та давлат ичидан 122-ўринда, Россия – 48, Қозоғистон – 82, Қирғизистон – 109, Тожикистон 114-ўринда бўлган. 2020 йилдан аввалги 5 йил давомида мамлакат Глобал инновация индексидан умуман жой олмаган. Ўзбекистоннинг рейтингда акс этмагани асосий сабаблари сифатида Глобал инновация индекси индикаторлари бўйича маълумотларнинг етарли даражада эмаслиги ва мавжуд статистик маълумотларнинг эскиргани кўрсатилган. 

Узоқ муддатли танаффусдан сўнг 2020 йилги Глобал инновация индекси рейтингида Ўзбекистон 43та кириш индикаторлари ва 22та чиқиш индикаторларига кўра баҳоланиб, 131та мамлакат ичида 93-ўринда яна қайта рўйхатга киритилди. 2020 йилда Швейцария – 1, Швеция – 2, АҚШ – 3, Россия – 47, Қозоғистон – 77, Қирғизистон – 94, Тожикистон – 109-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон 2020 йили Глобал инновация индексида қуйидаги субиндикаторларда юқори ўнталик давлатлар қаторига кирди: 

  • бизнес бошлашнинг оддийлиги (Ease of starting a business) – 8-ўрин;
  • илм-фан ва техника соҳасида битирувчилар (Graduates in science&engineering) – 7-ўрин; 
  • капитални ялпи равишда жамлаш (Gross capital formation) – 8-ўрин. 

2020 йилда 80та кўрсаткичдан иборат бўлган Глобал инновация индекси рейтингида Ўзбекистон дунё мамлакатлари ичида инновацион ресурслар, яъни кириш субиндекси бўйича 81-ўринни, рейтинг устунлари бўлмиш институционал ривожланиш (Institutions, 95-ўрин), инсон капитали ва илмий-тадқиқот фаолияти (Human capital & research, 77-ўрин), инфратузилма (Infrastructure, 72 ўрин), билим ва технологиялар натижадорлиги (Knowledge & technology outputs, 90-ўрин) каби йўналишлардаги индикаторларда ижобий натижаларга эришди.

Top