09:19 / 26.02.2021
4761

Архив иши соҳасида ҳукумат ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистонда архив иши ва иш юритиш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан ҳукуматнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Norma’нинг ёзишича, архивларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги низомда давлат архивлари таснифланиши президент ҳужжатларига мувофиқлаштирилди, шунингдек қуйидагиларнинг ташкил этилиши тартиби мустаҳкамланди:

  • Ўзбекистон миллий архивлари президент томонидан ташкил этилади;
  • Марказий давлат архивлари – Вазирлар Маҳкамаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан ташкил этилади;
  • вилоят, шаҳар, туман давлат архивлари ва уларнинг филиаллари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан ташкил этилади;
  • шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари тегишли вилоятлар ҳокимликлари қарорлари билан «Ўзархив» агентлиги билан келишилган ҳолда ташкил этилади;
  • вилоят, шаҳар, туман шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари ДХШ асосида ташкил этилади;
  • тармоқ давлат архивлари тегишли Миллий архив фонди (МАФ) ҳужжатларини доимий сақловчи вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг таклифига асосан ўрнатилган тартибда ташкил этилади.

Миллий архив фонди тўғрисидаги низомда бошқа ўзгартиришлар қатори:

  • МАФ ҳужжатларини доимий сақловчи вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлари рўйхатининг янги таҳрири қабул қилинди;
  • киритилган нормага мувофиқ идоравий сақлов муддати тугаган махфий ҳужжатлар махфийликдан чиқариш нуқтайи назаридан кўриб чиқилгандан сўнг давлат архиви сақловига белгиланган тартибда топширилиши белгиланди;
  • киритилган нормага мувофиқ шахснинг суд томонидан муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилганлиги давлат архивлари томонидан идоралараро электрон тизимлар орқали аниқланади. Вояга етмаган шахслар давлат архивлари ўқув залларига ота-оналари ёки тартибга риоя этишга масъул бошқа қонуний вакиллари билан киритилиши белгиланди.

Архив ҳужжатларини жамлаш, давлат ҳисобига олиш, сақлаш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга:

  • электрон нусха – анъанавий асосдаги (қоғоз, видео, аудио кассета, кинолента ва бошқалар) ҳужжатларни рақамлаштириш орқали уларнинг яратилган электрон шакли, асл нусхада мавжуд бўлган ахборотни ўқиш ёки кўриш (эшитиш) имконини берувчи электрон кўчирма нусхаси тушунчаси киритилди;
  • архивда сақланадиган барча электрон ҳужжатлар давлат ҳисобига олиниши белгиланди. Электрон ҳужжатларнинг сақлов бирликлари архив шифрига ёзув формати ва ахборот манбаининг тури, архив фонди рақами, рўйхатга олиш рақами, рўйхатдаги электрон ҳужжатнинг тартиб рақами киритилади;
  • архив маълумотномаси, кўчирма, сўровга жавоблар ва уларнинг нусхаларини электрон почта орқали юбориш мумкинлиги белгиланди;
  • архивда ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровларнинг ижро этилиши муддатлари ўзгартирилди. Сўров рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб:
  • а) иш ҳақи тўғрисидаги маълумот – 20 иш куни мобайнида;
  • б) иш стажи тўғрисидаги маълумот – 5 иш куни мобайнида;
  • в) ўқув муассасаларида ўқиганлик, юридик шахсни қайта номлаш, мукофотланганликни тасдиқлаш 5 иш куни мобайнида ижро этилади.

Мавзули сўровлар тоифасига мулкий ҳуқуқлар, турар жойлар, алоҳида фактлар, воқеалар, маълумотларни, шунингдек насл-насабларни аниқлаш (тасдиқлаш) киради. Улар сўров маълумотлари тўлиқ тақдим этилган тақдирда, рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 30 кундан ошмаган муддатда ижро этилади.
 
Архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомда: 

  • иш стажини тасдиқлаш тўғрисидаги, 10 йиллик муддат учун иш ҳақи тўғрисидаги архив маълумотларини бериш ҳақидаги чекловлар чиқариб ташланди;
  • давлат архивлари томонидан пулли асосда кўрсатиладиган хизматлар нархи «Ўзархив» агентлиги томонидан тасдиқланадиган давлат архивлари томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматларнинг ягона нархномасига биноан белгиланади. Ташкилотларнинг архив ҳужжатларини тартибга келтириш учун архивлар ҳузурида меҳнат шартномалари асосида жалб этилган ходимлардан иборат хўжалик ҳисобидаги гуруҳ фаолият юритади. Архивларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қўшимча лавозим штат бирлигини сақлашга ва меҳнат шартномалари асосида қўшимча ходимлар жалб этилишига рухсат этилади;
  • ташкилот жамлаш манбаи ҳисобланган архивнинг розилигисиз архивларнинг жамлаш зонасига (ҳудудига) кирмаган ташкилотларга хизмат кўрсатишга йўл қўймаслик белгиланган.
Top