Жамият | 20:48 / 26.02.2021
6125
2 дақиқада ўқилади

Олмазорда 50 млн сўм миқдоридаги қалбаки пул ишлаб чиқарган шахслар ушланди

Жиноятчилар 500 дона 100 минг сўмлик қалбаки купюрани 10 млн сўмга ўтказаётганда қўлга олинган.

Уюшган жиноий гуруҳ Бош прокуратура ҳузуридаги департамент, ДХХ ва Тошкент Олмазор тумани ИИБ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фош этилган. Қалбаки пул ясовчилар 500 дона 100 минг сўмлик қийматдаги қалбаки купюранинг ҳар бирини 20 минг сўмдан ҳисоблаб, бошқа бир шахсга 10 млн сўмга ўтказган вақтда ушланган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Kun.uz’га маълум қилишича, тезкор тадбирда жиноят устида қўлга олинган фуқаролардан бирининг машинаси ва хонадони кўздан кечирилганда 66 дона серия ва рақамлари бир хил бўлган 100 минг сўмлик қийматдаги қалбаки купюралар, шунингдек, қалбаки пулларни ясашда фойдаланилган рангли принтер ва бошқа ускуналар топилган. Уларнинг барчаси ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 10 феврал куни Тошкентда қиймати 55 миллион сўмга яқин қалбаки 100 минг сўмлик купюраларни муомалага киритмоқчи бўлган шахслар ушланган эди.

Ширин шаҳар ЙПХ постида 20 минг доллар миқдоридаги қалбаки пул билан қўлга олинган шахс жиноий жавобгарликка тортилиб, қалбаки пуллар жиноят ишлари бўйича Сардоба туман суди қарорига асосан ёқиб юборилган эди.

Аввалроқ Сурхондарё, Самарқанд, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида қалбаки пул ясовчилар, Сирдарё, Хоразм, Самарқанд ва Наманган вилоятларида қалбаки валютафурушлар фош этилганди.

Мавзуга оид