12:49 / 27.02.2021
2334

Экологик хавфли маҳсулотларни олиб кириш устидан назорат кучайтирилди

Вазирлар Маҳкамасининг «Экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва республика ҳудудидан олиб чиқиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: Medium

Norma’нинг ёзишича, қарор билан Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва республика ҳудудидан олиб чиқишда экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни мажбурий экологик сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
 
Низом қоидалари алоҳида белгиланган тартибда республика ҳудудидан транзит ўтадиган махсус юкларга нисбатан татбиқ этилмайди. Экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни олиб кириш ва олиб чиқиш Экология қўмитаси тизимида аккредитациядан ўтган экологик сертификатлаш органи томонидан берилган экологик сертификатга асосан амалга оширилади.
 
Низомга мувофиқ, Базел конвенцияси иштирокчиси бўлмаган давлатлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан рўйхати тасдиқланган экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни республика ҳудудига олиб киришлари ва республика ҳудудидан олиб чиқишлари қатъиян тақиқланади.
 
Экологик сертификатни олиш учун ариза берувчи «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали ёки тўғридан тўғри экологик сертификатлаш органига ариза билан мурожаат этади.
 
Ариза берувчи томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • тасдиқланган шаклга мувофиқ расмийлаштирилган экологик сертификатлашни ўтказиш учун ариза. Унда экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларнинг номи, миқдори, ТИФ ТН коди кўрсатилади;
  • экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни олиб кириш учун – инвойс/ҳисобварақ-фактура, юкхат ҳамда олиб чиқиш учун – инвойс/ҳисобварақ-фактура;
  • олиб кирилаётган экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларнинг аниқ ҳажми кўрсатилган ташқи савдо шартномаси ва маҳсулотларни етказиб берувчи ҳамда қабул қилувчи ўртасида тузилган келишув нусхаси (экологик сертификатлаштириш бир йилга амалга оширилганда талаб этилади).

Экологик сертификат ўзбек ёки рус тилларидаги белгиланган намунадаги бланкада қуйидаги муддатларга берилади:

  • битта ташқи савдо шартномаси ва келишув нусхасига асосан – 1 календар йилдан ошмаган муддатга;
  • экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларнинг ҳар бир турига – 1 йилдан ошмаган муддатга;
  • серияли ишлаб чиқариш учун – 3 йил муддатга.
Top