Марказий Осиёдаги «вакцина дипломатияси»: Россиями ёки Хитой?
Марказий Осиёдаги кўп томонлама ҳамкорлик принциплари нафақат ташқи сиёсатда, балки вакцина танловида ҳам ўз исботини топмоқдами?
Марказий Осиёда «вакцина дипломатияси» долзарб мавзудир. Бу минтақа ҳақида кўпчилик таҳлилчилар томонидан ишлатиладиган «геосиёсий жанг майдони» термини билан айни вақтда яхши бирлашади. Россия ва Хитой коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш майдонидаги асосий давлатлар эканлигини ҳисобга олсак, уларнинг минтақадаги ҳаракатлари бир-бирига қарама-қарши бўлиши табиий.
Колумбия университетининг Ҳарриман институти директори Александр Кулий Марказий Осиё масалалари бўйича ўтказилган онлайн конференцияда Хитойнинг Марказий Осиёдаги «вакцина дипломатияси» худди пандемия бошланган қийин даврда Европа Иттифоқи мамлакатлари билан олиб борилган «ниқоб дипломатияси»га ўхшашлигини таъкидлайди.
Хитой пандемиянинг қийин даврида Европа мамлакатларига гуманитар ёрдам сифатида катта миқдорда ёрдам ва ниқоблар жўнатди ва «Бир макон, бир йўл» дастурига қарши кўплаб Ғарб мамлакатлари билан келишувларга эришди. Ҳозирда Марказий Осиёдаги ҳаракатлари ҳам худди шу ҳаракатларнинг бир кўриниши ҳисобланади», дейди Кулий.
Сўнгги ўн йил ичида Хитойнинг Марказий Осиёдаги энг асосий савдо шериги бўлган Қозоғистонда ҳозирча Хитой вакцинасидан фойдаланиш бўйича аниқ режалар мавжуд эмас. Қозоғистон 2021 йил феврал ойининг бошида коронавирусга қарши эмлаш ҳаракатларини Россиянинг Sputnik V вакцинасидан 22 минг доза харид қилишдан бошлади ва қўшимча вакциналар маҳаллий ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
Қозоғистон расмийларининг маълум қилишича, баҳордан мамлакат фуқароларини эмлашда маҳаллий QazCovid вакцинасидан фойдаланиш бошланади. Шунингдек, 2021 йилнинг иккинчи ярмидан АҚШ/Германиянинг Pfizer-BioNTech вакцинасини харид қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Хабарларга кўра, Қозоғистон ҳукумати Хитойнинг Sinopharm ва Sinovac Biontech фирмалари билан музокаралар олиб бормоқда, аммо икки томонлама аниқ таклифлар йўқ.
Дастлаб Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» лойиҳасига қизиқиш билдирмаган, аммо Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши натижасида Хитой билан ҳамкорликни сезиларли даражада ривожлантирган Ўзбекистонда вазият бошқачароқ. Яқинда Ўзбекистон ўз фуқароларини эмлаш ҳаракатларини Хитойнинг Zhifei Longcom биофармацевтик фирмаси вакцинаси дозалари билан бошлади. Ҳозирда мамлакатда эмлаш синовлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, Россиянинг Sputnik V вакцинасининг клиник синовлари якунланган ва бу вакцинани қўллашга рухсат берилган, аммо бу вакцинада аҳолини оммавий эмлаш жараёни ҳали бошланмаган. Шу билан бир қаторда, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг баёнотига кўра, Ўзбекистонда Sputnik V вакцинасини ишлаб чиқаришга рухсат бериш масаласи кўриб чиқилмоқда (Қозоғистонда Sputnik V ишлаб чиқариш амалга оширилмоқда).
Феврал ойи бошида ўтказилган сўровномага кўра, Марказий Осиё халқларининг аксарияти Россияни коронавирусга қарши курашда ёрдам беришда «энг яхши мамлакат» сифатида баҳолашган.
Сўровномада қатнашган қирғизларнинг 75,5 фоизи, ўзбекларнинг 57,8 фоизи ва қозоқларнинг 51,6 фоизи Covid-19 инфекциясига қарши курашишда Россия билан ҳамкорлик қилишни қўллаб-қувватлаган. Қозоқларнинг 19,1 фоизи, ўзбекларнинг 13,6 фоизи ва қирғизларнинг 7,5 фоизи Хитой вакцинасидан фойдаланиш кераклигини таъкидлашган. Ёши катта одамларнинг жуда катта қисми Россия билан ҳамкорлик қилиш кераклигини, ёшлар эса бошқа давлат вакцинасидан фойдаланиш кўпроқ самара беришини айтиб ўтган.
Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларида вакцина танловида жуда катта иккиланишлар мавжуд, бунда сиёсий омиллар ҳам қайсидир маънода катта таъсир ўтказмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX ташаббуси доирасида вакцина таъминотидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди, аммо барча вакциналардан бир хил даражада фойдаланиш мумкин эмас.
Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурболот Усенбаев ўта совуқда сақлаш талабларини ҳисобга олиб, мамлакатда Pfizer вакцинасидан фойдаланиш имкониятларига шубҳа билан қараган. Ҳозирда Қирғизистонда уч босқичли эмлаш ҳаракатлари режалаштирилмоқда, эҳтимол бу Sputnik V вакцинасидан бошланади ва кейинчалик AstraZeneca-Oksford вакцинасини (Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган) қўллаш билан тугайди.
Марказий Осиё мамлакатларидаги вакцина танловлари ихтиёрий деб таъкидланса-да, дунёнинг бошқа жойларида бўлгани каби, асосий масала мамлакат аҳолиси учун етарли миқдордаги ва ишончли вакцина дозаларини олиб келиш эмас, балки иқтисодий ва сиёсий ҳамкор давлатлари билан алоқалар ёмонлашишининг олдини олишга бўлган ҳаракатга ўхшамоқда. Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорлик нафақат ташқи сиёсатда, балки вакцина танловида ҳам ўз исботини топаётганга ўхшамоқда.
- Ўзбекистон Хитойнинг ZF 2001 вакцинасини бирга яратган ҳаммуаллиф мамлакат сифатида белгиланиб, янги вакцина ZF-UZ-VAC 2001 номи остида биргаликда ишлаб чиқарилиши ва фойдаланишга топширилиши хабар қилинганди. Шунингдек, ушбу вакцинадан 1 миллион доза харид қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
- Шунингдек, Россия вакцинасини сертификатлаштириш жараёни 11 феврал куни Россия вакцинасини ишлаб чиқувчиларидан зарур материаллар, хусусан, вакцинанинг клиник синовларининг учинчи босқичи натижалари олинганидан сўнг бошланганди.
- Кейинроқ, Ўзбекистонда Sputnik V вакцинасини қўллашга рухсат берилиб, ушбу вакцинадан 1 миллион доза харид қилиш юзасидан амалий чоралар кўрилиши айтиб ўтилган.
Мавзуга оид
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
21:15 / 13.09.2024
ЖССТ маймунчечакка қарши биринчи вакцинани тасдиқлади
00:00 / 06.09.2024