18:56 / 05.03.2021
5525

Регистон майдони олдида машина уриб юборган пиёда вафот этди

Самарқанд шаҳрида, Регистон майдонининг олдида жойлашган пиёдалар йўлакчасида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди. Кўчани кесиб ўтаётган пиёдани йўлда ҳаракатланиб келаётган машиналардан бири уриб юборди. Оқибатда у вафот этди.

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 3 март куни соат 20:30ларда Самарқанд шаҳридаги Регистон кўчасида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Давлат рақами 30M 897 VA бўлган «Ласетти» автомашинаси кўчани кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Оқибатда у Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, пиёда вафот этган.

Қайд этилишича, мазкур пиёдалар йўлакчаси Регистон майдони рўпарасида жойлашган бўлиб, унга светофор ўрнатилган. Ҳодиса рўй берганда пиёда қоидани бузиб светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган. Бу ҳайдовчининг машинасига ўрнатилган видеорегистратор томонидан ёзиб олинган.

Йўл-транспорт ҳодисаси рўй берганда ҳайдовчи зудлик билан пиёдани шифохонага олиб борган. Аммо унинг жонини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.

Top