Ўзбекистон | 18:10 / 06.03.2021
7355
4 дақиқада ўқилади

Telegram феномени ва онлайн бизнес — Тимур Бакиев билан суҳбат

Сўнгги бир неча йилда яшин тезлигида оммалашган Telegram миллионлаб инсонларнинг мулоқот одатларини ўзгартириб юборди. Бу мессенжер ўзбекистонликлар ҳаётига ҳам чуқур кириб борди.

Илованинг катта тезликда оммалашиб бориши бизнес учун ҳам янги имкониятларни яратди. Хусусан, асосан Telegram'даги каналларда реклама тарқатишга ихтисослашган компаниялар вужудга келди.

Ана шундай компаниялардан бири – ClickMe реклама-маркетинг агентлиги Telegram'нинг ўзбек сегментидаги 200дан ортиқ каналларга реклама жойлаштириш билан шуғулланади. Kun.uz ушбу компания асосчиси Тимур Бакиев билан суҳбат ташкил этди.

— Келинг, аввал Telegram Ўзбекистонда қандай оммалаша бошлагани ҳақида гапирсак. Илова 4-5 йил олдин машҳур бўла бошлаган эди. Ўша пайтда Ўзбекистондаги мессенжерлар орасида етакчи бўлган WhatsApp нима сабабдандир блоклангани Telegram'нинг оммалашишида биринчи катта тўлқин вазифасини бажарганди.

Иккинчи омил – смартфонлар нархлари. 4-5 йил олдин Ўзбекистон бозорида сифатли смартфонлар қимматлиги боис кўп эмасди. Ўтган йиллар мобайнида эса аҳолининг айнан смартфон ишлатиши сезиларли даражада ортди.

Бунга сабаблардан бири – нархи 100 долларгача бўлган арзон Xiaomi смартфонларининг бозорга кириши бўлди. Энди яхши смартфонлар аввалгидек 300-400 доллар эмас. Шундай қилиб, кўпроқ одамлар смартфон сотиб ола бошладилар ва улар ўрнатган биринчи илова Telegram бўлди. Чунки атрофдаги ҳамма айнан шу мессенжердан фойдаланаётган эди.

Бошқа бир омил эса Telegram'да канал очиш имконияти пайдо бўлгани эди. Бу имконият пайдо бўлиши ўзбек тилида сўзлашувчи аҳоли жиддий ахборот танқислигини ҳис қилаётган пайтга тўғри келди.

Масалан, сайт очиш учун сизга дастурчи керак, серверлар керак, сайтни олиб борадиган муҳаррирлар керак. Энг муҳими, бизга таҳририят сиёсати керак. Тўғрими? Telegram каналлари пайдо бўлиши билан бу анча осонлашди.

Мисол учун, футболга қизиқувчи одам шунчаки Telegram'да канал очади ва у ерда жонли эфирлар олиб боради, голлар киритади ва бу ўз-ўзидан оммалашиб кетади.

Telegram тезда оммалашиб кетишининг техник сабаблари ҳам бор. Бизда ҳали интернет жуда кучсиз ва қиммат. Масалан, Қозоғистонни олайлик, трафик арзон, овозли қўнғироқлар эса Ўзбекистонга қараганда қиммат. Бизда-чи? Бизда аксинча, трафик қиммат, телефонлашиш эса арзон.

Facebook ва Instagram нима учун бизда Telegram'чалик ривожланмаган? Чунки улар кўп трафик сарфлайди. Одамлар эса ҳали ҳам интернет трафикни тежаш ҳақида жиддий ўйлашади. Ҳатто «Каптива»да юришлари мумкин, лекин мобиль интернетни тежаб ишлатишади.

Telegram кучсиз 3G тезлигида ҳам ишлайди, сиз ҳеч бўлмаганда хабар алмашиш имкониятига эга бўласиз. 5 МБдан ортиқ оғирликдаги видео билан реклама пост қилганимизда кўрамизки, кўришлар сони анча кам бўлади. Чунки одамлар шунчаки 5 МБдан ортиқ видеоларни юклаб олишмайди, дейди мутахассис.

Тимур Бакиев суҳбат давомида Telegram'даги имкониятлар, онлайн таълим, аҳолининг катта хизмати Google'нинг оддийгина почта хизматидан ҳам фойдаланмаслиги ва бошқа қатор мавзуларда ўз фикрларини билдирди. Тўлиқ суҳбатни Kun.uz'нинг YouTube'даги каналида томоша қилинг.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жамшид Абдиев.

Мавзуга оид