Ўзбекистон | 13:31 / 09.03.2021
2910
2 дақиқада ўқилади

Эронда «Made in Uzbekistan» кўргазмаси ўтказилади

Жорий йилнинг 7 март куни Теҳронга икки томонлама музокаралар олиб бориш учун ташриф буюрган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов бошчилигидаги делегация бугун Эрон Савдо ва саноат палатаси раиси Ғуломҳусайн Шафеий билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Тадбирда Эрон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди.

Ўзаро товар айирбошлашнинг бугунги ҳажми икки мамлакат мавжуд имкониятларига мос келмаслиги таъкидланди. Ўзбекистон ўзаро иқтисодий ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш тарафдори экани қайд этилди.  

Ўзбекистон, шунингдек, икки мамлакат минтақаларида Эрон билан ихтисослаштирилган кўргазмалар ташкил этиш, миллий ва минтақавий савдо ва саноат палаталари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва делегациялар алмашинувидан манфаатдорлиги айтилди.

Эрон Савдо ва саноат палатаси ушбу мамлакатда «Made in Uzbekistan» кўргазмасини ўтказишга ҳар томонлама кўмак бериши маълум қилинди.

Музокараларда Ўзбекистон ва Эрон савдо-саноат палаталари томонидан ташкил этилган Қўшма савдо қўмитаси биринчи йиғилишини яқин истиқболда ўтказишдан манфаатдорлик билдирилди. Янги тузилма ўзаро савдо-сотиқни фаоллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.

Мавзуга оид