18:02 / 10.03.2021
14096

Андижондан Мўйноққача пиёда: Яёв юрт кезаётган икки азамат билан суҳбат

Бухорога уюштирган хизмат сафаридан қайтаётганимизда Самарқанд вилояти Нарпай туманида, Навоий вилояти томон пиёда кетаётган икки спортчини учратдик.

Сирдарёлик икки йигит – Элдор Жўраев ва Тўлқин Усмонов Ўзбекистонда спортга, шу жумладан пиёда юришга бўлган қизиқишни оммалаштириш ниятида Андижондан Қорақалпоғистон томон йўлга чиқишган.

Улар, шунингдек, ҳамюртлар орасида ватанпарварлик ҳиссини тарғиб қилиш, Ўзбекистон тимсоли – давлат байроғига бўлган ҳурматни кучайтиришни ҳам мақсад қилишган.

Суҳбатимиз давомида (батафсил  – видеода) Элдор Жўраев Муҳаммад Юсуф ва Ботир Эргашев қаламларига мансуб шеърлардан парчалар ҳам айтиб берди..

15 февраль куни Андижон вилоятидан йўлга чиққан спортчилар 8 март кунига қадар Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг ўндан ортиқ туманларини, қолаверса пойтахтни ҳам ортда қолдиришди.

Улар 21 мартгача Қорақалпоғистон ҳудудига етиб боришни мақсад қилишган. Охирги манзил эса республиканинг Мўйноқ шаҳри бўлади.

Икки йўлдош ушбу юриш акциясини қўллаб-қувватлаётган ватандошларга, уни ташкиллаштиришда амалий ёрдам бериб келаётган Жисмоний тарбия ва спорт, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотларга ўз миннатдорчилигини изҳор қилиб қолишди.

Биз спортчиларга инсон иродасини пишитадиган интилишларида омад тилаб, хайрлашдик. Тилагимиз шуки, бу каби юришлар вилоятлар орасида бўлмаса-да, жилла қурса туманлар ва қишлоқлар ўртасида оммалашсин, ўзбекистонликлар соғлом турмуш тарзини ҳаётларининг асосий шиорларидан бирига айлантиришсин.

Толиб Раҳматов,
Kun.uz мухбири.

Top