Ўзбекистон | 11:48 / 10.03.2021
5283
3 дақиқада ўқилади

Сув тежайдиган технологияларни жорий этишга субсидиялар ажратилади

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сув тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатлари бир қисмини қоплаш ва берилган субсидияни қайтариш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Norma’нинг ёзишича, низомга мувофиқ сув тежайдиган суғориш технологиясини жорий этиш учун субсидиялар давлат бюджетидан ҳар бир контурга фақат бир марта ажратилади.

Субсидиялар:

Сув хўжалиги вазирлиги томонидан – пахта хомашёси етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича харажатлар бир қисмини қоплаш учун;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан – донли экинлар, сабзавотлар ва картошка, полиз экинлари, озуқабоп, мойли ва дуккакли экинлар ҳамда доривор ўсимликлар учун жорий этилган сув тежайдиган суғориш технологияларига, ерларни лазер ускунали текислагичлар билан текислашга, шунингдек маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатлари сотиб олиш харажатлари бир қисмини қоплаш учун;

Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан мевали экинлар ва узум (саноатбоп усулда етиштириладиган техник навли узум плантациясидан ташқари) етиштириладиган ҳамда саноатбоп усулда етиштириладиган техник навли узум плантацияси учун жорий этилган сув тежайдиган суғориш технологияларига сарфланган харажатлар бир қисмини қоплаш учун берилади.

Сув тежайдиган суғориш технологиясини жорий қилиб субсидия олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ушбу технологиядан фойдаланилмаган тақдирда, субсидияларни қуйидаги шартларда ва миқдорда субсидия берган вазирлик ва идорага белгиланган тартибда қайтаради:

  • биринчи йил фойдаланмаса субсидиянинг 100 фоизи;
  • иккинчи йил фойдаланмаса субсидиянинг 80 фоизи;
  • учинчи йил фойдаланмаса субсидиянинг 60 фоизи;
  • тўртинчи йил фойдаланмаса субсидиянинг 40 фоизи;
  • бешинчи йил фойдаланмаса субсидиянинг 20 фоиз қисмини.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ушбу технологиядан 5 йил давомида тўлиқ фойдаланса, унда берилган субсидия тўлиқ қолдирилади.

Шунингдек, сув тежайдиган технологиялардан ўрнатилган тартибда фойдаланмаслик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Рағбатлантириш талабгорлардан ундирилган субсидиянинг 5 фоизи миқдорида бир йилда бир марта амалга оширилади. Пул мукофоти маълумотни тақдим қилган шахснинг банк картасига ўтказиб берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид