Иқтисодиёт | 20:31 / 10.03.2021
7481
2 дақиқада ўқилади

UNWTO: Дунёдаги ҳар уч йўналишдан бири туризм учун тўлиқ ёпилган

Дунё бўйлаб 217та йўналишдан 69таси ёки 32 фоизи сайёҳлар учун тўлиқ, 34 фоиз мамлакатлар эса қисман ёпилган.

Жаҳон туризм ташкилотининг (UNWTO) сўнгги маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ҳар уч йўналишдан биттаси халқаро туризм учун тўлиқ ёпилган. Айниқса Covid-19’нинг янги штаммлари пайдо бўлиши кўплаб ҳукуматлар, хусусан, Осиё-Тинч океани минтақаси ва Европада саёҳатлардаги чекловларни бекор қилиш режаларидан воз кечишга мажбур қилди. 

«Дунёдаги ҳар уч йўналишдан бири ёки 32 фоиз давлатлар халқаро сайёҳлик учун тўлиқ ёпилган», дейилган ташкилот баёнотида.

Қайд этилишича, эпидемиологик вазиятнинг жиддийлиги ҳукуматларни янада эҳтиёткорона муносабатда бўлишга чорламоқда. Шунингдек, 34 фоиз мамлакатлар туризм учун қисман ёпиқ.

«Вирус тарқалишини чеклаш учун туризм соҳасида чекловлар кенг қўлланди. Энди, туризмни қайта бошлаш устида иш олиб борар эканмиз, чекловлар ечимнинг фақат бир қисми эканлигини тан олишимиз керак. Улардан фойдаланиш сўнгги маълумотлар ва таҳлилларга асосланган бўлиши ва доимий равишда қайта кўриб чиқилиши лозим. Акс ҳолда, миллионлаб одамларни иш билан таъминлайдиган соҳанинг қайта тикланиш имконияти йўқ», дея таъкидлади UNWTO бош котиби Зураб Пололикашвили.

Ташкилот маълумотларига кўра, 217та йўналишдан 69таси тўлиқ ёпилган, шулардан 30таси Осиё-Тинч океани минтақаси, 15таси Европа, 11таси Африка, 10таси Шимолий ва Жанубий Америка, учтаси Яқин Шарқ мамлакатларига тўғри келади.

Маълумот учун, 2020 йил апрел ойида дунё бўйлаб барча мамлакатларда туризмга чекловлар ўрнатилган. Йил охирига келиб халқаро туризм 74 фоизга, тушадиган даромади эса 1,3 триллион долларга камайган.

Аввалроқ, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонга 2020 йилда жами 1 млн 504 минг турист ташриф буюриб, уларга 261 миллион долларлик туризм хизмати кўрсатилганини айтиб ўтганди.

Мавзуга оид