18:20 / 11.03.2021
4916

Данияда ҳам AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш вақтинча тўхтатилди

Ушбу вакцина билан эмланганларда қон қуюқлашиши юз бергани тўғрисидаги хабарлардан сўнг мазкур қарор қабул қилинган.

Фото: imago

Данияда AstraZeneca ва Оксфорд университети ҳамкорлигида ишлаб чиқилган вакцина билан эмлаш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Дания соғлиқни сақлаш ва дорилар бўйича бошқармаси баёнотида маълум қилинди.

 Ушбу вакцина билан эмланганларда қон қуюқлашиши юз бергани тўғрисидаги хабарлардан сўнг мазкур қарор қабул қилинган. Ана шундай хабарлардан бирида эмланган фуқаро вафот этгани айтилган.

Ҳозирча вакцина ва қон қуюқлашиши ҳолатлари орасида боғлиқлик бор-йўқлиги аниқ эмас. Эмлаш 14 кунга тўхтатилган бўлиб, шундан сўнг вазият яна ўрганилади.  

Бошқарма баёнотида қон қуюқлашиши билан боғлиқ ҳолатлар неча марта ва қаерда юз берганлиги айтилмаган.

Ўтган ҳафтада Австрияда бир киши вафот этиб, иккинчиси оғир аҳволга тушганидан сўнг AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш тўхтатилганди. Хабар қилинишича, 49 ёшли аёл вафот этган, яна бир аёлда ўпка артериясининг тромбоэмболияси юз берган. Тромбоэмболия – ўпка касаллиги бўлиб, асосий артерияни тўсиб қўювчи қон қуюқлашишини келтириб чиқаради, дея аниқлик киритган Reuters.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top