10:31 / 13.03.2021
5157

Нотариуслар фаолиятини текшириш тартиби белгиланмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг “Нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига нотариуслар томонидан риоя этилиши устидан назорат ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги қонуни 22-8- ва 22-10-моддаларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Билдирилишича, президентнинг “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда хусусий нотариал фаолиятга рухсат берилди.

Бунда, Адлия вазирлиги томонидан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятига рухсат беришда нотариат соҳасини тартибга солиш мақсадида “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими яратилган ва келгусида ушбу тизим орқали нотариуслар фаолияти доимий назорат ва мониторинг қилиб борилиши асосий мезон сифатида инобатга олинган.

“Нотариат тўғрисида”ги қонун 22-8-моддасига мувофиқ, нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига нотариуслар томонидан риоя қилиши устидан назоратни Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари амалга оширади.

Нотариуслар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, нотариал ҳаракатлар махфийлигига ва нотариус қасамёдига риоя этилишини назорат қилишнинг аниқ механизмлари белгиланиши нотариат тизими барқарор ишлашини таъминлаши айтилади.

Мазкур қарор лойиҳаси билан қуйидагилар белгиланмоқда:

  • назорат тадбирлари ўтказишнинг ташкилий асослари белгилаб берилади;
  • нотариуслар фаолиятида режали текшириш, қисқа муддатли текшириш ва камерал текшириш ўтказиш тартиби ёритилади;
  • нотариуслар фаолиятини мониторинг қилиш талаб ва шартлари, уларни амалга ошириш тартиби назарда тутилади.

Лойиҳа қабул қилиниши билан нотариуслар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, нотариал ҳаракатлар махфийлигига ва нотариус қасамёдига риоя қилиниши юзасидан текширишлар ўтказиш ҳамда улар фаолиятида мониторинг ўтказиш билан боғлиқ муносабатлар ҳуқуқий тартибга солиниши қайд этилган.

Top