Ўзбекистон | 15:55 / 16.03.2021
5031
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон «Қамбарота ГЭС-1» лойиҳасини биргаликда амалга оширади

Жорий йилнинг 11-12 март кунлари Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан Қирғизистон ҳудудида “Қамбарота ГЭС-1” инвестиция лойиҳасини биргаликда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

2021 йилнинг 13 март куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон энергетика вазири ва Қирғизистон энергетика ва саноат вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув давомида томонлар “Қамбарота ГЭС-1” инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши ҳамда “Шимолий Сўх” газни ер остида сақлаш иншооти фаолияти доирасидаги ҳамкорликни қирғиз томони билан яқиндан ўрганиш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, электр энергетикаси, нефт-газ, кўмир саноати, табиий газ етказиб бериш ва “Шимолий Сўх” газни ер остида сақлаш иншооти эксплуатацияси бўйича 4та кичик қўмитадан иборат қўшма мувофиқлаштирувчи қўмита тузилди. 

Қайд этилишича, ҳар бир кичик қўмита учун комплекс дастурлар (“Йўл хариталари”) ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Аввалроқ, Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев Қирғизистон ҳудудида ҳамкорликда гидротехник лойиҳалар қурилиши, жумладан, “Қамбарота-1” каскади лойиҳаси бўйича ҳам музокаралар ўтказилганини маълум қилганди.

“Маълумки, биз Ўзбекистон электр энергиясига эҳтиёжимиз бор, ўз навбатида, Ўзбекистон биздан вегетация даврида сув олади. Мана шу жараёнларни мувофиқлаштириш бўйича ҳам тўхталиб ўтилди”, деди Қирғизистон ташқи ишлар вазири.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид