Жаҳон | 09:35 / 17.03.2021
8436
2 дақиқада ўқилади

АҚШда массаж салонларига уюштирилган ҳужум оқибатида 8 киши ҳалок бўлди

Фото: Sputnik

16 март куни АҚШнинг Атланта шаҳри ва унинг яқинидаги округда массаж салонларига ҳужум қилиниши оқибатида камида 8 киши ҳалок бўлди. Ушбу жиноятни содир этишда гумон қилиниб 21 ёшли Роберт Аарон Лонг қўлга олинди, деб хабар берган KIRO телеканали.  

Аввалроқ AJC портали ҳужумлар оқибатида 7 киши ҳалок бўлгани, 2 киши яраланганини маълум қилган. Унинг маълумотларига кўра, биринчи ҳужум Чероки округидаги массаж салонида содир этилган. Бу ерда номаълум шахс ўт очиб, воқеа жойидан яширинган. Ҳужум оқибатида 3 киши ҳалок бўлган, 2 киши яраланган. Бир соат ўтар-ўтмас Атланта шимолидаги ёнма-ён жойлашган иккита массаж салонига ҳам худди шундай ҳужум уюштирилган. Бу ҳужумлар оқибатида 4 киши ҳалок бўлган. Полиция бир нечта йўлларни тўсиб қўйган. 

Полиция Атлантадаги ва ундан 50 км узоқликда жойлашган Черокидаги ҳужумлар ўртасида боғлиқлик бор-йўқлигини ҳали аниқламаган.  

Черокидаги ҳужумда гумон қилиниб 21 ёшли Роберт Аарон Лонг қўлга олинган. У полиция таъқибидан кейин воқеа жойидан машинада бир неча соатлик узоқликда жойлашган Крисп округида ушланган. 

Таъкидланишича, ҳужумга учраган массаж салонларида асосан осиёликлар ишлаган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид