08:30 / 17.03.2021
12203

Фото: Ўзбекистонга AstraZeneca вакцинасининг 660 минг дозаси олиб келинди

17 мартга ўтар кечаси Тошкентга Covid-19’га қарши AstraZeneca (CoviShield ) вакцинасидан биринчи партия - 660 минг доза вакцина олиб келинди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ушбу вакциналарни етказиб бериш Эпидемияларга тайёргарликни таъминлаш мақсадида инновациялар учун коалиция (CEPI), Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс (GAVI), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)дан иборат бўлган  COVAX глобал ҳамкорлиги доирасида амалга оширилмоқда.

«Ўзбекистон GAVI ташкилотининг COVAX дастурига аъзо давлатлар қаторига киради. Шу боис, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2021 йил январ ойида коронавирусга қарши эмлаш учун вакцина етказиб бериш юзасидан GAVI ташкилотига буюртма берилган эди», — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботир Қурбонов.

Ушбу ҳамкорлик доирасида йил охирига қадар мамлакатга умумий миқдорда 20 фоиз аҳолини эмлаш учун етарли даражада вакцина, шприц ва хавфсиз утилизация қутилари етказиб берилиши кўзда тутилган. COVAX фонди ҳисобидан Ўзбекистонга 2 миллион дозадан ортиқ AstraZeneca вакцинасини етказиш, шундан 2021 йил I чоракда 35-40 фоизини, қолган қисмини II чоракда дунё бўйлаб вакциналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич етказиб берилиши режалаштирилган.

«Бугун олиб келинган 660 минг доза вакциналар COVAX Ўзбекистон учун ажратган 2 миллион доза вакциналарнинг биринчи қисмидир. Вакциналарнинг қолган қисми яқин ойларда етказиб берилади.  

Ушбу вакциналар билан республикамизда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш ишлари бошланади ва босқичма-босқич давом эттирилади. 

Йил бошида мамлакатимизда аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлашни амалга ошириш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ЮНИСЕФ ва ЖССТ билан ҳамкорликда республикада коронавирус инфекциясига қарши эмлашни амалга ошириш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилди.

Унга кўра, аҳолининг юқори хавфга эга қатламлари белгиланиб, уларни эмлаш учун 3 минг 138 та эмлаш пунктлари, ҳамда 862та мобил бригадалари шай ҳолга келтирилди.

Албатта, ушбу тадбирлар коронавирус инфекциясига қарши кураш самарасини ошириш, аҳоли саломатлигини  ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилмоқда», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Covid-19’га қарши эмлашни амалга оширишга тайёргарлик учун ЮНИСЕФ Тошкентдаги «Миллий» стадионида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати учун 17та музлаткичли юк машинаси ва 206та Miniven-Labo автомобилларини топширган эди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top