Жамият | 14:49 / 17.03.2021
50725
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда карантин чекловларини бузаётганларни жаримага тортиш бошланди

16 март куни куни республика бўйлаб карантин қоидаларига амал қилмаган 400 нафар фуқарога нисбатан маъмурий жарималар расмийлаштирилган. Бу ҳақда Kun.uz’га ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов хабар берди.

Ўзбекистонда бир кунда 400 киши карантин қоидаларини бузгани учун жаримага тортилди

16 март куни Ички ишлар вазирлигининг тегишли бўлинмалари томонидан карантин қоидаларига амал қилиш ҳолати ўрганилган. Рейдлар республиканинг барча ҳудудларида ўтказилган.

«Мамлакатимизда яна коронавирус билан касалланиш кўрсаткичлари кўпая бошлагани сабабли 16 мартдан бошлаб аҳоли ўртасида карантин қоидаларига риоя қилишни кучайтириш мақсадида ички ишлар органлари томонидан тарғибот ишлари қайта йўлга қўйилди. Ходимларимиз жамоат жойларида, аҳоли яшаш пунктларида махсус хизмат машиналарида ва яёв юрган ҳолда одамларни карантин қоидаларига эътиборли бўлишга, ниқоб тақиб юришга чақиришмоқда.

Биринчи куни юртдошларимизни асосан огоҳлантириш билан чекландик. Фақатгина карантин чекловларини қўпол равишда бузаётган, касалликка чалингани учун уй карантинига олинганига қарамай, яшаш жойидан чиқиб кетган аҳоли вакиллари, бундан ташқари, бир неча марта огоҳлантирилгандан кейин ҳам карантин қоидаларига амал қилмаганлар, асосан хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари, жумладан, гўзаллик салонлари ишчилари, бозор ва дўконлардаги сотувчилар жаримага тортилмоқда.

Ўтган сутка давомида Фарғона вилоятида 156, Наманган вилоятида 85, Самарқанд вилоятида 65, Тошкент шаҳрида 60, Тошкент вилоятида 24, Бухоро вилоятида 7, Навоий вилоятида 3 киши маъмурий жазо олган», дея Шоҳрух Ғиёсовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ИИВ масъулининг таъкидлашича, 16 март куни жаримага тортилганлардан беш баробар кўпроқ фуқаролар карантин қоидаларига амал қилиш тўғрисида огоҳлантирилган, улар билан бу борада тушунтириш ишлари олиб борилган.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан, эпидемия тарқалган вақтда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 225 минг сўм) жарима солинишига сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йилда жорий этилган карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилган бўлса-да, жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш, ўзаро масофа сақлаш тартиби шу пайтгача расман бекор қилингани йўқ.

Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна орта бошлагани сабабли, 15 март куни Тошкент шаҳар ҳокими ўтказган махсус йиғилишда пойтахтда карантин талабларига риоя қилиниши қатъий назоратга олиниши маълум қилинган эди.

Тошкент шаҳрида касалланиш кўрсаткичлари сўнгги бир ҳафта ичида сезиларли даражада ошди. Хусусан, 9 март куни пойтахтда 11та янги ҳолат аниқланган бўлса, 10 март куни бирданига 71та, 12 март куни 70та ва 13 март куни 77та янги ҳолат қайд этилган. 14 март куни эса пойтахтда янги ҳолатлар 93тага етди, Ўзбекистон бўйича эса 111та янги ҳолат қайд этилди – бу мамлакатда 2020 йил декабридан буён энг юқори кунлик ўсиш ҳисобланади.

Бунинг ортидан 15 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида карантин қоидалари кучайтирилди, шаҳар ҳокимлиги ўз тизимида йиғилишлар ва мажлислар ўтказишни вақтинчалик чеклади ва коронавирус аниқланган оилаларда карантинга риоя этмаганларга қонуний чоралар кўрилишидан огоҳлантирди, Махсус комиссия байрам тадбирларида ижтимоий масофани сақлаш устидан назорат ўрнатилишини маълум қилди.

16 март куни эса Ўзбекистонда яна 115 кишида коронавирус аниқланди. Бу йил бошидан буён қайд этилган суткалик рекорд ҳисобланади.

Мавзуга оид