«Тошкент шаҳар сув таъминоти» директор ўринбосари ва бўлим бошлиғи қўлга олинди
2021 йил 16 март куни Ички ишлар вазирлигига фуқаро А.Э. ариза билан мурожаат қилди, деб хабар бермоқда ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси.
Қайд этилишича, фуқаро ўз аризасида тадбиркорлик қилиш мақсадида Юнусобод тумани Марказ-6даги бекатни ижарага олгани ва бекатга ўтган сув қувурига уланиб, ҳисоблагич ўрнатганини ҳамда буни ҳужжатлаштириш учун Тошкент шаҳар “Сувсоз” бошқармасига мурожаат қилганида, корхонанинг “Миролим” исмли ходими сув қувури ўзбошимчалик билан уланганини рўкач қилиб, жаримага тортмаслик эвазига 3 млн сўм беришини талаб қилаётганини маълум қилган.
Мазкур аризага асосан, шу куни ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ бўлим бошлиғи Ҳ.М. Тошкент шаҳар Учтепа ҳокимлиги яқинида ариза муаллифи А.Э.дан 3 млн сўм олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ушланган шахс ушбу пулларни “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ директор ўринбосари П.Р.нинг топшириғига асосан олгани ва пулларнинг бир қисмини унга бериши лозимлигини маълум қилган.
2021 йил 17 март куни тезкор тадбир давом эттирилиб, П.Р. хизмат хонасида Ҳ.М.дан 3 млн сўм миқдоридаги пулдан 1 млн 800 минг сўмини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
2021 йил 17 март куни Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти Тошкент шаҳар Юнусобод тумани бўлими томонидан мазкур ҳолат юзасидан, Жиноят кодекси 210-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, П.Р. ва Ҳ.М. Жиноят процессуал кодекснинг 224-моддаси тартибида ушланган.
Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
11:24 / 06.11.2024
ИЖҚКДнинг иқтисодий жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилади
11:12 / 29.10.2024
8 йилгача қамоқ жазоси – Жиноят кодексига «лихорадчик»лар учун алоҳида модда киритилди
21:29 / 27.09.2024
Чилонзорда “дом” қурмоқчи бўлган фирма мансабдорлари терговга тортилди
18:26 / 16.09.2024